Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими қаерда? Вилоят прокуратураси маълумот берди

Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими қаерда? Вилоят прокуратураси маълумот берди

Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Жамшид Фозиловга нисбатан вилоят прокуратураси томонидан  киритилган қамоққа олиш тарзидаги илтимоснома рад этилиб, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилганлиги ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилоят прокуратураси расмий маълумот берди.

Аниқланишича, Жамшид Фозилов 2016 йил 9 июлидан 2019 йил 26 октябрига қадар Қарши шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келиши давомида ўзига берилган мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиб, мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни амалга оширган.

«(Ж.Фозилов) Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларига зид равишда уларни нотўғри талқин қилиш орқали давлат захирасидаги ерларни ва бошқа мулкларни, гўёки ўзининг шахсий мулки сифатида тасарруф этишни мақсад қилиб, ғараз  ва бошқача паст ниятларда Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш доимий комиссия аъзолари, шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари У.Авазов, шаҳар ҳокимлиги бош юрисконсульти Ш.Бухаров, шаҳар бош архитектори Ш.Бўронов, Давлат кадастрлари палатаси Қарши шаҳар филиали бошлиғи М.Хушов ва бошқалар билан Қарши шаҳри ҳудудидаги ер майдонлари ва бошқа инфратузилма объектларини ноқонуний равишда сохта ҳужжатлар асосида бериш ҳақида олдиндан жиноий тил бириктириб, 2018-2019 йиллар давомида 54 та ҳолатда умумий қиймати 60 млрд. 512 млн. бўлган жами 463.212,13 квадрат метр ер участкаларини жиноий гуруҳ аъзолари томонидан ўз кучини йўқотган Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ёки қарор қабул қилишда асос бўлмаган бошқа сохта маълумот ва ёзувлар киритиб тайёрланган далолатномаларга асосан, аукцион савдолари ўтказмасдан, ноқонуний ер ажратиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш орқали талон-торож қилинишига сабабчи бўлган» — дейилади вилоят прокуратураси хабарида.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 20.10.2022 йилдаги ажримига кўра, ЖПКнинг 242-2-моддасига асосан вилоят прокуратураси томонидан  киритилган қамоққа олиш тарзидаги илтимоснома рад этилиб, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган.

«Суднинг мазкур ажримига нисбатан Қарши шаҳар прокурори томонидан вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест келтирилди. Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг якуний тўхтамидан кейин жиноят иши бўйича қўшимча равишда тегишли муносабат билдирилади», — дейилади прокуратура расмий муносабатида.

2022 йилнинг апрел ойида Қаршида катта миқдордаги ноқонуний ер сотиш айблари қўйилиб, 7 нафар мансабдорга жиноий иш очилгани ҳақида хабар бергандик. Кейинроқ ушбу иш юзасидан ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрининг собиқ ва амалдаги ҳокимлари айбланиб, қамоққа олинганлиги ҳақида хабарлар тарқалган, ўша хабарларга Қашқадарё вилоят прокуратураси изоҳ бераркан, жумладан, Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Жамшид Фозилов айбланувчи сифатида жалб қилинмаганини маълум қилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг