Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент Ёшлар ва талабалар форумида иштирок этди

Президент Ёшлар ва талабалар форумида иштирок этди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумига ташриф буюрди.

Форум ўтаётган Ботаника боғи байрамона безатилган. Ёшларнинг илм-фан, технологиялар, адабиёт, санъат каби соҳаларда эришаётган натижаларини акс эттирувчи кўргазма ва намойишлар ташкил қилинган.

Давлатимиз раҳбари ушбу кўргазмалар бўйлаб юриб, ёшларнинг ихтиролари, маҳорати, бадиий чиқишларини кўздан кечирди. Улар билан суҳбатлашиб, ўқиш ва изланишларига муваффақиятлар тилади.

Президент байрам тадбири майдонига келиб, барча йигит-қизларни 30 июнь – Ёшлар куни билан табриклади.

Мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси, ҳуқуқ ва манфаатларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борада алоҳида давлат ташкилоти – Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилган. Бундан ташқари, Ёшлар иттифоқи, унинг ҳузурида ўттиздан ортиқ нодавлат ташкилотлар фаолият юритмоқда. Барча шаҳар ва туманларда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури, турли соҳаларни қамраб олган “Беш ташаббус” амалга оширилмоқда.

Жорий йил мамлакатимизда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилингани ҳам ёшларга эътиборнинг ёрқин ифодаси.

Президентимизнинг ёшларга оид сиёсатида иккита энг муҳим йўналиш бор: биринчиси – уларга замонавий билим бериш, иккинчиси – ёшлар бандлигини таъминлаш. Кейинги йиллардаги ислоҳотлар, ташаббус ва янги тизимлар замирида ана шу мақсад мужассам.

Хусусан, ёшларнинг билим ва иқтидорини ривожлантириш мақсадида янгича шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими яратилди. Умуман, барча мактабларга эътибор, ўқитувчиларга рағбат ва ҳурмат ошди. Ёш авлодда билимга интилиш кучайди.

Ўтган бир йилда билимли ва зукко ёшларимиз халқаро фан олимпиадаларида 4 та олтин, 18 та кумуш ва 29 та бронза медалларини қўлга киритишди. Жорий йилда Президент мактабларини тамомлаган 96 нафар ўқувчиларнинг барчаси муддатидан аввал нуфузли хорижий олийгоҳларга грант асосида ўқишга кирди.

Ўсиб келаётган билимга чанқоқ ёшларнинг талабига мос равишда олий таълим муассасалари сони 127 тага етказилди, 26 та хорижий университетларнинг филиаллари очилди. Охирги 5 йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 мингтага етказилди. Бу – умумий қамров 28 фоиз бўлади, деганидир. 4 йил илгари бу кўрсаткич атиги 9 фоиз эди.

Давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилгани, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга олий ўқув юртларига кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани минглаб оилаларга қувонч олиб кирди.

Бу йил яна бир олий таълим маскани – “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилди. Янги ўқув йилида унга 300 нафар ёшлар қабул қилинади.

Бандлик масаласини олсак ҳам, ёшларга эътибор ва ғамхўрлик асосий ўринга кўтарилганини кўриш мумкин. Сўнгги 4 йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, улар 500 мингдан ошгани бунинг яққол далилидир.

Амалий ишлар натижасида ўтган 8 ой мобайнида “ёшлар дафтари”га кирган 430 минг нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Жумладан, “темир дафтар”даги оилалар фарзандлари бўлган 2 мингдан зиёд талабаларнинг контракт пули тўлаб берилди.

Бу йилдан бошлаб, иш берувчиларга уларнинг 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимлари учун ҳисобланган ижтимоий солиқ суммасини бюджетдан тўлиқ қайтариб бериш тартиби жорий қилинди. Шунингдек, касб-ҳунар мактаби ва техникумлар ўқувчиларига корхоналарда амалиёт ўтаган даври учун 6 ой давомида 500 минг сўмдан субсидия бериш жорий этилгани ёшлар ва уларнинг ота-оналар учун катта рағбат бўлди.

Бу йил 92 мингдан зиёд ўғил-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 2 триллион 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Ҳудудларда ташкил этилган 186 та Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги 3 мингта лойиҳа доирасида 50 мингта янги иш ўрни яратилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг