Президент Янги Тошкентни қуриш бўйича қарор имзолади
«Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ-232-сон, 20.07.2023 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат муассасаси шаклида Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси ташкил этилади.
Шунга кўра, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари – Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси директори лавозими жорий этилади.
Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш, шу жумладан, кўп квартирали уйлар, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш учун ер участкалари Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг қарорига мувофиқ «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали аукцион савдоларида сотилади ёки ижарага берилади.
Қарорга мувофиқ, 2027 йил 1 январгача Дирекция, инвесторлар, бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар учун божхона божи тўлашдан озод қилинади.
Эслатиб ўтамиз, президент ташаббуси билан амалга оширилиши бошланган Янги Тошкент шаҳри қурилиши лойиҳасига кўра, 20 минг гектар ер майдонида 1 миллион аҳоли истиқомат қилиши учун қулай шароит яратилади ва шунга яраша инфратузилма билан таъминланади.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 60 минг аҳолига кўп қаватли уйлар, 30 мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона, 5 та оилавий поликлиника барпо этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter