Президент янги қарор қабул қилди
Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.
Қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш орқали аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида:
«Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини молиялаштириш учун Ислом тараққиёт банки томонидан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга 200 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилиши тўғрисидаги қарор 2020 йил 19 декабрда Ислом тараққиёт банки Директорлар Кенгаши томонидан ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси томонидан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга 75 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилиши тўғрисидаги қарор 2020 йил 16 декабрда ОПЕК Директорлар Кенгаши томонидан маъқулланганлиги;
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (кейинги ўринларда – БМТТД)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Лойиҳани амалга ошириш даврида масъул ижро этувчи органнинг ҳамкори сифатида фаолият кўрсатиши ва у томонидан Лойиҳа учун 3,05 миллион АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ажратилиши;
Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг улуши 59,95 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлардан иборат эканлиги;
Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларининг 20 та туманидаги 170 та МФЙ (40 та марказий, 130 та ёндош маҳалла)ларда амалга оширилиши;
Лойиҳани амалга ошириш даври 5 йилни (2021-2025 йиллар) ташкил этиши маълумот учун қабул қилинди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, ИТБ ва ОПЕК кредитларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;
Лойиҳа доирасида сублойиҳаларни лойиҳаловчи ва пудрат ишларини амалга оширувчи ташкилотларни танлаб олиш «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун талаблари асосида очиқ ва шаффоф усулда амалга оширилади;
Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи барча ташкилотлар Лойиҳа бўйича имзоланган қарз (кредит) битимларида кўрсатилган механизмлар талабларига амал қилади;
Лойиҳани амалга ошириш доирасида ИТБ ҳамда ОПЕКнинг кредитларини қайтариш, шу жумладан, қўшимча ҳақ (устама) ва фоизлар, хизмат кўрсатганлик учун ҳақ ва бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter