Президент икки йирик тузилма раҳбарлари билан мулоқот ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 май куни, Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи мажлиси арафасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида шерикликнинг юксак даражасига эришилгани, яқин ва самарали ҳамкорлик қилинаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Бугунги кунда банкнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари портфели 4,4 миллиард евродан ошган. Уларда хусусий сектор улуши 70 фоизга яқинлашди.
Ҳамкорлик йўналишлари ва кўламини, энг аввало, кичик ва ўрта бизнес, хотин-қизлар тадбиркорлиги, муқобил энергетика, рақамли технологиялар каби соҳаларда кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасида янги Шериклик стратегияси қабул қилинди.
Банкнинг фаол кўмаги ва бевосита иштирокида давлат корхоналарини хусусийлаштиришга тайёрлаш тадбирлари олиб борилмоқда, банк-молия соҳасида йирик битимлар амалга оширилди, «яшил» энергетика, транспорт инфратузилмаси, экология, ва бошқа устувор йўналишларда меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари сув таъминоти, энергетика, йўл инфратузилмаси, «яшил» шаҳарларни ривожлантириш борасида янги лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Бўлажак Хорижий инвесторлар кенгаши мажлисининг кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шавкат Мирзиёев 1 май куни Тошкент халқаро инвестиция форуми дастури доирасида ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид Ал-Халифани қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари ОПЕК жамғармасининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги муҳим ўрнини қайд этиб, Ўзбекистонда саноат, инфратузилма, сув таъминоти ва бошқа соҳаларда молиялаштирилаётган тадбиркорлик лойиҳаларини юқори баҳолади.
Форум давомида имзоланган қиймати 500 миллион долларлик битим доирасидаги лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Ҳужжатда туризм, логистика, фармацевтика, экология, хотин-қизлар тадбиркорлиги ва ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш каби янги йўналишларда амалий ҳамкорликни ривожлантириш назарда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter