Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Нотариал идораларда давлат божлари ва бошқа йиғимлар ундириш шаффоф эмас!» Президент қарорида соҳадаги муаммолар санаб ўтилди

«Нотариал идораларда давлат божлари ва бошқа йиғимлар ундириш шаффоф эмас!» Президент қарорида соҳадаги муаммолар санаб ўтилди

Фото: «Ўзбекистон 24» канали лавҳасидан скриншот.

Ўзбекистон Президентининг «Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатда нотариат соҳасида йиллар давомида йиғилиб қолган, нотариал идораларнинг фаолиятида суд-ҳуқуқ соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга оширишда, иқтисодий, оилавий, мерос, уй-жой, меҳнат ва бошқа низоларнинг олдини олишда нотариатнинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилувчи қатор тизимли муаммо ва камчиликлар санаб ўтилган:

— аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифати ва тезкорлиги паст даражадалиги, нотариал идоралардаги узундан-узун навбатлар, давлат божлари ва бошқа йиғимлар ундиришнинг шаффоф эмаслиги, шунингдек, мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовлар аҳолининг нотариат тизимига бўлган ишончини пасайтирмоқда ҳамда коррупция кўринишлари пайдо бўлишига имкон қолдирмоқда;

— асосан тасдиқлаш хусусиятига эга бўлган вазифани бажараётган амалдаги нотариат тизими мамлакатнинг бугунги ривожланиш талабларига жавоб бермаяпти, нотариал ҳаракатларни бевосита аҳоли пунктларига чиққан ҳолда амалга оширишнинг кенг амалиёти мавжуд эмас. Жамиятнинг ривожланишидан ортда қолаётган нотариатнинг фаолият кўрсатиш тизими унинг комплекс нотариал хизматлар кўрсатувчи янада фаол моделига ўтишни талаб этмоқда;


Мавзуга доир:
Адлия вазири: «Энди ҳеч ким «Нотариал ҳужжатлардаги имзо меники эмас!» деб айта олмайди»


— замонавий инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг паст даражадалиги, идоралараро электрон ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги аҳолига тезкор нотариал хизматларни кўрсатиш имконини бермаяпти ҳамда зарур маълумотнома ва ҳужжатларни тўплаш учун ваколатли давлат ташкилотларига бевосита ташриф буюришни талаб этмоқда. Профилактик чоралар сифатида энг кўп низолашилаётган нотариал битимларни расмийлаштиришда аудио ва видео қайд этишдан фойдаланилмаяпти;

— нотариуслар ва нотариал идораларнинг ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими нотариат корпусини юқори малакали кадрлар билан шакллантириш масалаларини тизимли равишда ҳал этиш имконини бермаяпти. Нотариусларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув режалари ва дастурлари нотариал амалиёт билан етарли даражада уйғунлаштирилмаган;

— стажировка ўташнинг узоқ ва мураккаб жараёни бўш турган нотариус лавозимларини малакали кадрлар билан тез тўлдириш учун зарур чораларни кўриш имконини бермаяпти;

— нотариал хизматлар кўрсатишнинг сифати ва тезкорлиги, нотариал идора ходимлари томонидан ўз функционал вазифаларини лозим даражада бажарилиши устидан назорат қилишнинг самарали механизми, айниқса, масофадан назорат қилиш шакллантирилмаган.

Ушбу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Президент қарорида соҳада бир қатор янгиликлар жорий этилиши кўзда тутилган. Мазкур ҳужжат Президент Шавкат Мирзиёев томонидан кеча, 25 май куни имзоланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг