Президент Форишда қўшинларнинг жанговар тайёргарлиги билан танишди (фото)
Президент Шавкат Мирзиёев «Фориш» тоғ полигонида Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлиги билан танишди.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил март ойида мазкур ҳудудда бўлиб, бу ерни намунавий полигонга айлантириш, янги концепция ишлаб чиқиб, мамлакатимиздаги барча ҳарбий полигонларни модернизация қилиш бўйича топшириқлар берган эди. Шулар асосида ушбу махсус ўқув-синов майдони замон талабларига мослаштирилди, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган энг илғор шароитлар яратилди.
Бунинг натижасини база инфратузилмаси янгиланганидан сўнг, бу ерда 2019 ва 2020 йилларда ўтказилган Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси биринчиликни қўлдан бой бермай келаётганида ҳам кўриш мумкин.
Полигон ҳудудида қурилган объектлар ҳақида дастлаб жой макети орқали маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари ҳарбийлар ётоқхонаси, сузиш ҳавзаси, спорт залидаги шароитлар билан танишди. Марказий ва Шарқий ҳарбий округларнинг регби бўйича терма жамоалари мусобақасини кузатди.
Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ҳарбий хизматчилар билан бир дастурхон атрофида самимий суҳбатлашди. Истеъдодли аскарлар бахшичилик санъатидан намуналар ижро этди.
Давлатимиз раҳбари «Фориш» тоғ полигонида қўшинлар ихтиёридаги замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни кўздан кечирди.
Ундан сўнг Марказий ҳарбий округ қўшинларининг шартли душманни йўқ қилиш бўйича жанговар машғулотлари, ҳарбий муҳандислик амалиётлари намойиш қилинди.
Шу ерда шахсий таркиб билан мулоқот бўлди. Президентимиз дунёда ахборот хуружи тобора авж олаётган бугунги кунда Қуролли Кучларимиз салоҳиятини мустаҳкамлаш, халқ ва армия бирдамлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этиши кераклигини таъкидлади.
– Бу полигон халқаро стандартларга мос бўлиши керак. Аскар ва зобитларни тайёрлаш шунга мувофиқ бўлиши зарур. Бунинг учун сифат, жанговар маҳоратга алоҳида эътибор қаратиш лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари ҳарбийларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.
– Кейинги йилларда байрам арафасида учрашиш анъанага айланди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бугунги Қуролли Кучларимиз беш йил олдинги армия эмас. Мудофаа доктринамиз бўйича қилинган ишлар натижасида миллий армиямизнинг салоҳияти ҳар томонлама ошди. Эришган муваффақиятларимиз билан бирга олдимизда кўп режалар, вазифалар турибди. Қўшинларнинг жанговар ҳолатини янада мустаҳкамлашимиз керак. Бунинг учун билим, тажриба, тайёргарлик зарур.
Президент қўшинларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Тошкентга қайтиб келди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter