Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пахта, янги технология ва озиқ-овқат хавфсизлиги — ҳоким билан суҳбат

Пахта, янги технология ва озиқ-овқат хавфсизлиги — ҳоким билан суҳбат

Фото: Xabar.uz

Пайариқ Самарқанд вилоятида энг кўп пахта етиштирадиган туманлардан бири ҳисобланади. Охирги йилларда туманда кластерчилик тизимига эътибор қаратилмоқда. Чекка ҳудудларда илгари 5-6 центнер пахта ҳосили берган ерлар кластер ихтиёрига ўтгач, мутлақо бошқача кўриниш касб этяпти. Энди бу ерларда гектаридан 30 центнер йиғиб олинмоқда. Аммо шунинг ўзи етарлими? Пахта ҳосилдорлиги ошгани яхши, аммо озиқ-овқат хавфсизлиги, мева-сабзавот етиштириш ва бошқа масалалар нима бўлади? Пайариқ тумани ҳокими Дилшод Мусинов билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.

— Туманимизда шундай ерлар бор эдики, гектаридан 5-6 центнер пахта олинарди. «Samarqand Cotton klaster» ихтиёрига шундай ерлардан 500 гектар ажратиб бердик. Ҳозирда ҳосилдорлик гектарига 30 центнерга етган, — дейди мутасадди туманда олиб борилаётган ишлар ҳақида гапираркан.

— Шунинг ўзи етарли, деб ўйлайсизми? Яхши биламиз, пахта етиштиришда ҳатто 30 центнер ҳосилдорлик ҳам етарли ҳисобланмайди. Ер ҳамон зарарига ишлаётган бўлиб чиқмайдими?
— Бу ўтган йилги рақамлар. Бу йил кластер томонидан 40 центнер ҳосил кўтариш режалаштирилган. Қандай қилиб ҳосилдорлик бу қадар кескин кўтарилди? Кластер томонидан барча ишга илмий ёндошилмоқда — ернинг таркиби ўрганилган, керакли ўғит ва минерал қўшимчалар етказиб берилмоқда. Натижада ҳосил ҳам шунга яраша бўляпти.

— Булар яхши албатта. Аммо нима учун ўша ерда мева-сабзавот етиштириш мумкин эмас? Ахир ғалла ва пахта етиштиришда рентабеллиги паст бўлган ерларни мева-сабзавотга йўналтириш орқали кўпроқ даромад олган маъқул эмасми?
— Фикрингизда жон бор. Аммо туманда вазият шундайки, яқин-яқингача ҳам нафақат лалми, балки суғориладиган ерларни ҳам фермерлар осонгина ташлаб кетаётган эди. Салгина муаммо бўлса, «ол ерингни» дерди ва кетворарди. Охирги йилларда давлат томонидан берилаётган эътибор туфайли ҳатто лалми ерларга ҳам одамлар қайтмоқда. Сиз айтгандек, мева-сабзавотга йўналтирилган ҳудудлар ҳам бор. Масалан, Наволи қишлоғида «Наволи гигант узумзори» кооперацияси ташкил этилиб, 600 гектар ерга сув чиқардик ва томчилаб суғориш технологияси асосида узумзор барпо этдик. Ушбу боғ тумандаги 1200 оилага 50 сотихдан бўлиб берилди. Токзор ҳосилга киргунга қадар орасига сабзавот, полиз ва дуккакли экинлар экилади. Лойиҳа жами 25 млрд. сўмга кредит молиялаштирилди. Ушбу кредит икки йилда — ток ҳосилга киргунга қадар экиладиган полиз экинлари билан қопланиши режалаштирилган. Шунингдек яна Ингичка қишлоғи ҳудудида «Ингичка гигант узумзори» кооперацияси ташкил этилади. Бу ерда 1600 гектар ерга сув чиқариб, томчилаб суғориш технологияси жорий этилиши режалаштирилган.

— Томчилаб суғориш технологиясини лалми ерларда жорий этган яхши. Аммо нима учун шу ишни суғориладиган ерларда ҳам амалга ошириш мумкин эмас?
— Саволингиз тўғри, ўйлайманки 5-6 йилда қишлоқ хўжалигида кўп нарсалар ўзгариб кетади. Бу йил 2200 гектар ерга янги технология жорий этмоқдамиз, янаги йил яна 2000 гектар ерга томчилаб суғориш ўрнатилади. Лалми ерларни тўлиқ янги технологияга ўтказиб олсак, кейин суғориладиган ерларда ҳам иш бошласа бўлади.

— Бизда асосий суғориладиган ерлар пахта ва ғаллага ажратилади. Нима учун мана шундай ерларда мева-сабзавот етиштириш мумкин эмас? Ахир бу орқали одамларни иш билан таъминлаш, камбағалликдан чиқариш ва экспортни ошириш мумкин-ку!
— Эътирозингизда жон бор. Туманда йилма-йил ғалла ва пахтани камайтириб, бошқа экинларга эътиборни қаратиш қарори бор. Аммо бу иш босқичма-босқич амалга оширилади. Суғориш қийин бўлган, балл-банитети паст, самарасиз, рентабеллиги талабга жавоб бермайдиган ерлар аста-секин пахта-ғалладан чиқарилади. Туманда бу ишлар ҳозир ҳам олиб борилмоқда. Шунчаки 25 минг гектар ердан 100 гектар ғалла ва 100 гектар пахта камайса, унчалик ҳам сезилмайди.

— Илгари Ўзбекистон картошка импорт қилмас эди, энди мажбур бўлмоқдамиз. Ҳозир озиқ-овқат хавфсизлигига катта эътибор қаратилмоқда. Туманингизда бу бўйича қандай ишлар амалга оширилган?
—Пайариқ тумани шундай ҳудудки, бу ерда авваллари йиллар давомида ғалланинг ўрнига такрорий экин экилмас эди. Ерни шудгор қилиш учун ҳатто солярка топилмаган. Иш шунга қадар етиб борганки, биз «ғалланинг ўрнига ҳеч нарса экмайман», деб тушунтириш хати ёзиб беришга мажбур бўлганмиз. Нимага? Чунки сув фақат пахтага етиб бориши шарт эди. Бу эса фермерга қўшимча муаммо туғдирарди, деҳқон ҳар йили қарз бўлиб чиқарди. Энди эса вазият ўзгарди, ғалланинг ўрнига полиз ва сабзавот маҳсулотлари экилишига давлат томонидан эътибор қаратилмоқда.

Шу йилнинг ўзида тумандаги 12 500 гектар ерга ғаллага ажратилган эди. Биз шундан 9 444 гектар ерга такрорий экин экишни режалаштиргандик. Қолган 3 000 гектарга сув етиб бориш қийин бўлгани учун бирор нарса эка олишимизга кўзимиз етмаганди. Аммо бу йил ғалладан бўшаган майдонга деярли тўлиқ такрорий экин экдик. Яқинда ҳам туманни айланиб чиққанимда, бўш ер топа олмадим. Сув етиб бориши қийин бўлган 7 минг гектарга мош экдик. Бу экин у қадар кўп сув талаб қилмайди, аммо жуда экспортбоп.

Пайариқ тумани 2018 йилда 1 миллион 600 минг долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилган эди. 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 9 миллион 600 минг долларга етди. Туманда 13 нафар экспортёримиз бор. Насиб қилса, яқин йилларда экспорт салоҳиятини янада оширамиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг