«Озодлик»ка: шармандага шаҳар тор-у дунё кенгми?
Аксарият чиқишлари билан кўпларнинг энсасини қотирадиган «Озодлик» радиоси навбатдаги «сенсация»сини эълон қилди: «Фарғонада бешариқлик тадбиркор иккинчи хотинини арматура билан уриб, бурнини синдиргани учун жиноий жавобгарликка тортилмоқда!»
Албатта, таассуф: жиноий жавобгарликкача бориб етаётган оилавий-маиший муаммолар кам эмас. Бунақа муаммолар фожиали якун топаётир ҳатто. Гап оилавий муаммоларнинг жиноий интиҳоси ҳақида борар экан, бу хусусда материал тайёрлаш жараёнида инсон шаъни билан боғлиқ нуқталарга ҳурмат билан ёндошиш талаб этилади. Бундай меъёр қонун даражасида тартибга солингани бежизга эмас. «Озодлик» эса ушбу хабари билан инсон шаъни, қадр-қимматини ер билан битта қилибдики, буни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди.
Жиноят иши тафсилоти мухтасар баён қилинар экан, «Озодлик», судланувчи ва жабрланувчи «шаърий эр-хотин эканини» урғулаб, эр аёлини ноанъанавий тарзда жинсий алоқага мажбурлаганлик айблови ҳам тиркалганини айтади. Албатта, жиноят иши баёнида қозонда бори чўмичга чиқади. Ҳамма бало шундаки, «иш»ни очиқлаш жараёнида жабрланувчининг исми-шарифи, ҳатто сурати (!) ҳам эълон қилиб юборилган! Бу бориб турган фаросатсизликдан бошқа нарса эмас! Инсон шаъни, қадр-қимматига боғлиқ жиноятлар ҳатто судларда (!) ҳам ёпиқ тарзда кўриб чиқилади. «Ҳуқуқ ҳимоячилиги»га даъвоси улкан «Озодлик» эса азбаройи «сенсация» кетидан қувибми, қонунгаям, инсон шаънигаям тупурганини қаранг?! Ғалатилиги, «Айбсизлик презумпцияси» дея судланувчининг исми-шарифини сир тутибди, суратини ҳам одам танимайдиган қилиб «бежабди». Бироқ жабрланувчига келганда бунинг тескарисини қилгани, шармандлик бўлмай нима?! Яна бир ҳолат: судланувчининг адвокатига сўз берилиб, унда таъкид этиладики, судланувчи ва жабрланувчи — шаръан эр-хотин, «ётди-турди» ҳолати эса аёл калтакланишидан аввал, ўзаро розилик асосида бўлганмиш! Дўппи тор келганда «шариат»га осилаётганини тушуниш мумкиндир балки, бироқ шариатнинг қайси аҳкомида ёзилибдики, аёлни тўшакда хоҳлаган куйга солиш мумкин, деб?! Уят-е!..
Ўзбекистондаги ўзгаришларга бутун дунё гувоҳ, сўз эркинлиги борасидаги вазият ҳам бурунгига қараганда анча ўзгарган. Бунинг натижаси ўлароқ, анча-мунча «шов-шувли» мавзулар ўзимиздан ортаётгани йўқ. Натижада ўзбек медиа-бозорида «Озодлик»нинг ризқи кўтарилмоқда. Вазиятдан чиқиш учун инсон шаъни, қадр-қимматига очиқдан очиқ тажовуз қилиб, «сенсация»лар ясаш шармандаликка олиб келади, холос. Йўқса, шаън, қадр-қиммат инсон ҳуқуқларининг ажралмас бўлаги эканини «Озодлик» билмайдими? Билмаса, ҳуқуқ борасидаги саноқсиз иддаолари-чи? Ёки шармандага шаҳар тор-у дунё кенгми?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter