Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда 1 миллионга яқин ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар бор

Ўзбекистонда 1 миллионга яқин ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар бор

Фото: «Repost.uz»

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича ўтказилаётган бир марталик умумдавлат акцияси доирасида ўтказилган хатлов натижасида республика бўйича жами 1 млн.га яқин ўзбошимчалик билан қурилган турар жойлар аниқланган. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Давлат хизматлари агентлигининг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Ушбу акция бошланган вақтдан буён Давлат хизматлари марказларига 38 мингга яқин мурожаат келиб тушди. Бу хатлов натижасида аниқланган иморатларнинг атиги 3,8 фоизини ташкил қилмоқда.

Мурожаатлар натижаси бўйича шу вақтга қадар 5 мингдан ортиқ ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқи берилган.

Бироқ, комиссиянинг ижобий хулосалари мавжуд бўлса-да, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 2 360 та мурожаат юзасидан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича тегишли қарорлар ўз вақтида қабул қилинмаган.

Ушбу ҳолатлар бўйича Давлат хизматлари агентлиги томонидан ваколатли органларга нисбатан тегишли ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилмоқда. Жумладан, 91 нафар айбдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди ва улардан 41 млн. сўмдан ортиқ жарима ундирилди ҳамда 34 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги ПФ–5421-сонли Фармонига мувофиқ фуқароларга ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясининг амал қилиш муддати 2019 йилнинг 1 майига қадар этиб белгиланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг