Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекэнерго» АЖ электр энергияси таъминотидаги узилишларга ойдинлик киритди

«Ўзбекэнерго» АЖ электр энергияси таъминотидаги узилишларга ойдинлик киритди

Фото: «Ўзбекэнерго» АЖ

Мамлакатимизнинг олис ҳудудлари бўйлаб электр энергияси таъминотида қисқа муддатли узилишлар учраб турибди. Эътиборли жиҳати, узилишлар ва авариявий ўчишлар ҳар йили куз-қиш мавсумига ўтиш даврида бот-бот такрорланади. Бунинг сабаби нимада?

Мамлакатимиздаги ҳозирги вақтда иш фаолиятида бўлган энергетика қурилмалари ўтган асрнинг ўрталарида ишга туширилган бўлиб, уларнинг деярли 67 фоизи эскирган. Қолаверса, мамлакатимиздаги мавжуд электростанциялар ҳам ўтган асрнинг 50-60-йилларида барпо этилган бўлиб, уларнинг аксариятида қувватлар аллақачон муддатини ўтаб бўлган. Энг янгиси ҳисобланган Тахиатош ИЭСнинг ҳам фойдаланишга топширилганига 27 йилдан ошди. Қолаверса, аҳоли сонининг ортиб, ҳудудларда янги уйларнинг кўпайиши натижасида трансформатордан 1,5-2 км. гача узунликда электр симларининг тортилаётгани туфайли охирги истемолчиларимизга узатилаётган электр энергиянинг қуввати 220 вольтга етмаяпти. Трансформаторлар 600-800 метргача бўлган ҳудуддаги истемолчиларга 220 вольтни етказа олади. Бунинг устига аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Масалан, 2017 йилда истеъмолчиларга 47,4 миллиард кВт соат электр энергияси етказиб берилган бўлса, 2018 йилда эса ушбу кўрсаткич 50,7 миллиард кВт соатни ташкил этиши кутилмоқда.


Мавзу доирасида:

Совуқ ва зулмат: қишлоқликлар иккинчи даражали одамлар(ми)?


Қолаверса, аҳоли томонидан битта фазадан бошқа фазага ўзбошимчалик билан уланиш ва юкламаларнинг битта фазадан иккинчи фазага ўтказилиши айрим жойлардаги, айниқса, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида электр кучланиши пасайишига, яъни меъёрдаги 220 вольтдан тушиб кетишига сабаб бўляпти. Таъмирлаш ва юкламаларни фазалараро тенг тақсимлаш ишлари олиб борилишига қарамасдан, маълум вақт ўтгач аҳоли яна ўзбошимчалик билан бир фазадан бошқа фазага ўтиб олиши, бундан ташқари, якка тартибда қурилаётган кўплаб уйларнинг эгалари томонидан фақат битта фаза орқали уланиш ҳам ортиқча юкламаларни юзага келтириб, қисқа муддатли узилишларга сабаб бўлмоқда.

Шу боис ҳудудий электр тармоқлари томонидан аҳолининг мурожаатлари бўйича ушбу ҳолатларни бартараф этиш, таъмирлаш ва юкламаларни фазалараро тенг тақсимлаш орқали кучланишни меъёрга келтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда Президентимиз томонидан 2018 йил 23 октябрда имзоланган «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг қабул қилиниши бу борадаги муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Чунки ушбу ҳужжатга кўра, электр энергияси соҳасида мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва янгиларини ишга тушириш бўйича лойиҳа қиймати 2,6 миллиард АҚШ доллари бўлган умумий қуввати 1 984 МВт 7 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш белгиланди. Шунингдек, жалб қилинадиган кредитлар ва «Ўзбекэнерго» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан йилига умумий узунлиги 7,1 минг километр бўлган янги электр тармоқларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, 2500 та трансформатор пунктини ўрнатиш ва модернизация қилиш лойиҳаларини амалга ошириш ишлари бошланди.

Бундан ташқари, «Ўзбекэнерго» АЖ томонидан «Обод қишлоқ» ҳамда «Обод маҳалла» давлат дастурлари асосида ўз маблағлари ва хорижий инвестициялар орқали бутун мамлакатимиз бўйлаб реконструкция ва модернизация ишлари ҳам жадал амалга оширилмоқда.

Умуман олганда, олис ҳудудларда истиқомад қилаётган аҳолининг электр энергияси таъминотидаги қисқа муддатли узилишларга барҳам бериш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда.

«Ўзбекэнерго» АЖ
матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг