Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекча гапиринг, ака

Ўзбекча гапиринг, ака

Икки-уч йил аввал флешкадаги фотосуратни чиқариш учун бир фотостудияга бордим. ТТЗдаги «Миллий таомлар» ресторани биқинидаги сартарошхона ичида. Рус киши экан, 50-55 ёшлар атрофида, сочлари оқ, қотмадан келган, сергап, серҳаракат. Одатимиз – русчада муддаони тушунтирдим. Энсаси қотгандек туюлди, шанғиллаганича флешкамни олиб компьютерига улади.

«Менга қара, нега ўзбекча гапирмайсан?»

«Руслигингизни билиб...»

«Тўғри, русман, лекин шу ерда туғилганман. Рус дегани ўзбекчани билмайди, дегани эмаску! Ўзбекчани биламан. Ўзбеклар билан армияда хизмат қилганман. Ўзинг ҳам вилоятдан экансан, қаердансан?»

Қизиқишим ортиб сўрадим: «Вилоятдан келганимни қаердан билдингиз?»

«Шеванг Тошкентчамаску! Қаерликсан?»

«Намангандан!»

«Ие, буни қара, хизматдошим наманганлик эди...» Ака сўзлашга тушиб кетди. Охири хулоса қилди: «Ўзи айб ўзингларда, нимага ўзбекча гапирмайсизлар? Шу ерда яшаяптими, русми, бошқасими, ўзбекчани билиши шарт! Ўзбекча гапираверинг, ака!»

Ҳижолат бўлдим. Рус киши мендан – ўзбекдан ўзбекча гапиришни сўраётган эди! Ўйлаб қарасам, аканинг гапида жон бор, тилимизни ўзимиз ҳурмат қилмасак ким ҳурмат қилади.

2006-2007 йилларда Исроилда, Бен Гурион университети қошидаги институтида ишлаганман. Бир миллион атрофида рус тилида сўзлашадиган аҳоли яшайди. Мен билан бирга ишлайгандиган русийзабон ҳамкасблар қўлидан «иврит-рус» луғати тушмасди. Сабаби оддий экан: ивритни билмаган ишга қабул қилинмас экан. Газета, сайтлардаги иш берувчиларнинг эълонларида уч нарса талаб қилинишига гувоҳ бўлдим: «1. Ивритни билиши; 2. Мутахассислик дипломи; 3. Тажрибаси...» Биздачи?

Хулоса шудир: ўз тилимизни ўзимиз амалда қўллаб-қувватламас, унга куч бермас эканмиз шу аҳволда қолаверамиз. Давлат тили борасидаги «status quo» ўзгармаса аросатда қолаверамиз, маслаҳатчилар кўпайиб бораверади. Ҳозирги кунда миллий мансублик тилга қараб белгиланаётган бир вақтда бу жуда муҳимдир.

Бахтиёр АБДУҒАФУР

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг