Оёқда маҳси калиш, елкасида кетмон кўтарган тракторчи қиз: «Менга боғимни қайтаринг, мен ишлайман!» (видео)
Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи 19 ёшли қизнинг ўз меҳнати билан яратилган боғдаги дарахт ва дарахт кўчатларини қўпориб ташлаш учун фермер томонидан ер майдонига трактор киритилгани, қиз эса пайҳон қилиб ташланаётган боғнинг асраб қолиниши учун трактор олдига чиқиб қилган видеомурожаати кўпчиликнинг эътиборини қаратди.
Ҳолат аслида қандай бўлган? «Xabar.uz» мухбири мазкур видеомурожаатни ўрганиш мақсадида Шофиркон туманида бўлди.
Ўрганувга кўра, Шофиркон туманидаги Котиён қишлоғида яшовчи19 ёшли қиз Хуршида Валиеванинг отаси Воҳиджон Хўжаев 2016 йилда «Воҳиджон Валиевич замини” фермер хўжалигини ташкил этгани аниқланган. Унга қишлоқ ҳудудида жойлашган 13/16, 13/17, 13/18 контуридаги ер майдонларида ижара шартномаси асосида фермерлик фаолиятини юритиши учун рухсат берилган.
«Бу пайтда мен 16 ёшда эдим. Суягим меҳнатда қотган. Экин майдони учун мўлжалланган мазкур ер майдонларининг 35 сотихли майдонида мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазиб, боғ яратишни орзу қилдим. Орзуларимни меҳнатим билан амалга ошира бошладим. Азбаройи деҳқон ота-онамга кўмак бўлсин учун 13/16 контурнинг нообод чегара атрофларини ўз қўл кучим билан обод қилдим. Тонг саҳардан ҳали офтоб чиқмай туриб, елкамда кетмон, оёғимда гоҳ кирза этик, гоҳ маҳси калиш билан далага югурардим. 0,15 гектар чегара атрофга ва ундан ташқари, контурнинг 0,20 гектар майдонига 300 дан ортиқ ниҳоллар ўтқаздим. Бу контурга сув йўли йўқ. Ерга сув кирмайди, ишонасизми, челаклаб сув ташиб, ниҳолларни бўй чўздирдим. Орадан бир йил ўтиб, яъни икки йилча олдин эса 100 қувватли сув насоси ўрнаттирдим. 2019 йилгача бу ниҳолларим дарахтга айланди. Лекин ўшангача мен экин майдонида боғ яратиш ноқонуний эканини билмаган эдим. Бу хатоимни тан оламан. Бироқ боғ бўй кўрсатди, чегара атрофдаги дарахтлар мева тугди. Контур ичидаги дарахтлар ҳам қувватга тўлди. Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, бу ер майдонлари 2019 йилда кадастр агентлиги томонидан отамга тегишли фермер хўжаликка қизил нуқталар орқали белгилаб берилган. 2021 йилда эса бошқа бир фермерга ўзлаштириб берилди»,— дейди Хуршида Валиева.
Хуршида суд қарорларидан норозилигини билдирди
Маълум бўлишича, 2019 йилда Воҳиджон Хўжаев фермер хўжалигига тегишли ернинг бир қисми захира ер майдонига олинган. Ва ушбу захира ер майдонида «Хуршиджон Шаҳзоджон» фермер хўжалиги ташкил этилган. 2020 йилнинг 30 декабрида туман ҳокимининг 757-сонли қарори билан ушбу ер майдони яна қайта захирага олинган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжаликлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси ва туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш масалалари кўриб чиқувчи комиссясининг баёни чиқарилган. Ушбу баёнга асосан, «Фариджон чорбоғи» фермер хўжалиги ташкил этилиб, ер майдонлари хўжалик раҳбари Ғайрат Ҳамроевнинг фаолият юритиши учун қайд этилган.
«2019 йилнинг 9 январидаги 14-сонли «Фермер хўжаликлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор бир ойлик кучга эга бўлган қарор ҳисобланади. Афсуски, эски қарор асосида кадастр агентлиги томонидан орадан бир йил ўтгач, бошқа фермер хўжалиги раҳбари Азамат Ҳамроевдан унинг акаси Ғайрат Ҳамроев фермер хўжалигига олиб берилаяпти. Ҳеч қандай тендерсиз. Давлат ер майдонлари худди меросга ўхшаган ҳолатда укадан акага ўтказилиши қонунан тўғримикин?»— дейди 19 ёшли қиз.
Ҳолатга кўра, 2021 йилда ташкил этилган «Фариджон чорбоғи» харитасига, яъни контурига Хуршида Валиева яратган боғ ер майдони кўрсатилмаган. Ва фермер хўжалик раҳбари Ғайрат Ҳамроевга ҳам ушбу харита далолатнома орқали расмийлаштириб берилган.
Айнан шу ўринда Хуршида Валиева ҳолат юзасидан отасининг фаолиятига оид олиб борилган суд қарорларида адолатсизлик ётганини билдирган.
Олий суд судьяси Б.Тангабаевнинг Бухоро вилояти суди суди раиси номига 6-3266-22 сонли хати даъвогар «Фариджон Чорбоғи» фермер хўжалигининг жавобгар Воҳиджон Хўжаевга нисбатан ер майдонини аввалги ҳолатига келтириб, фермер хўжалиги ҳисобига қайтариш мажмуриятини юклатиш ва бой берилган фойдани ундириш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан 2022 йил 20 октябрда қабул қилинган ажрим ижро қилиш учун юборилган. Унда фуқаролик иши юзасидан қабул қилинган суд қарорларининг ижросини тўхтатиш ҳақидаги кўрсатма бекор қилингани маълум қилинган.
«Гарчи бугун айрим масъуллар сен фермер хўжалик раҳбари эмассан, бу ўринда отанг жавобгар, дейишса-да, мен деҳқон қизи, отамнинг қизи сифатида Олий суд қароридан норози эканимни билдираман. Зеро, бунда эски ва ўз кучини йўқотган қарорларга таянилган»,-дейди Хуршида Валиева.
Шу куни ҳолатни ўрганиш мақсадида туманга вилоят раҳбари талаби билан вилоят ҳокими ўринбосари Амрилло Назаров раҳбарлигида ишчи-гуруҳ ҳам жалб этилган. Улар томонидан туман мутасаддилари, фермер хўжалик раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилган. Бунда «Xabar.uz» мухбири ишчи-гуруҳ вакиллари билан суҳбатда бўлган.
«Баҳсли ер масаласида ўтказилган суд жараёнларида туман ҳокимлигидан вакиллар иштирок этганми? Агар бошқа фермер хўжалиги фойдаланувида бўлган ер майдонини иккинчи фермер хўжалигига ажратиш ҳақида қарор қабул қилиниб, чиндан ҳам ер майдони иккинчи фермер хўжалик аъзоси томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган бўлса, нега илгарироқ ер майдонини қайтариб олиш чораси кўрилмаган»—дея туман мутасаддисига савол бердик.
Туя гўшти «еб ётган» хато
Аниқлик киритилишича, ўтказилган суд жараёнларида туман масъуллари иштирок этишмаган.
«Шофиркон тумани ҳокимининг 2021 йил 9 мартдаги 162-сонли қарорига асосан, аввал Воҳиджон Хўжаев раҳбарлигидаги фермер хўжалигига тегишли бўлган ва кейин захирага топширилган 22,3 гектар ер майдони «Фариджон чорбоғи» фермер хўжалигига бириктириб берилган. Шунга қарамасдан, Воҳиджон Хўжаев 0,35 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган. Экин майдонида ноқонуний равишда беда экиб, мевали дарахтлар ўтқазишда давом этиб келган. Кейинчалик «Воҳиджон Валиевич замини» фермер хўжалигининг ҳудудига даҳл қилиши юзасидан масъул ходим хатоси билан чизмалар нотўғри шакллантирилгани аниқланди», — дея жавоб берган туман ҳокими ўринбосари.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг март ойида ушбу контурни нотўғри «чизган» кадастр агентлиги Шофиркон туман бўлимининг ходими Улуғбек Ражабовга нисбатан «хайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.
Ҳақли савол туғилади: кадастр агентлиги ходимининг қизил чизиқлардаги нотўғри чизмалари нега орадан икки йил ўтгандан сўнг «чиқиб» қоляпти?! Унинг хатоси билан нотўғри белгиланган ер майдонлари контури қизил чизиқлари икки хил чизма билан белгиланган бўлса, нега бу «хато» икки йилдан буён туя гўшти еб ётган?! Ва бу савол туман раҳбарларини нега икки йил давомида ўйлантирмаган?
Ушбу ҳолатда фермер Воҳиджон Хўжаев ўзбошимчалик билан «Фариджон Чорбоғи» фермер хўжалигига 7 962 500 сўм зиён етказган, деб топилиб, суд томонидан шунча миқдорда пул ундирилган.
«Аслида, икки фермер ўртасида оилавий ва шахсий келишмовчиликлар оқибатида низо келиб чиқмоқда. Уларнинг бир-бирига бўлган шахсий адовати туман обўйига ҳам путур етказмоқда. Бироқ, қиз 16 ёшида илгари отасига тегишли фермер хўжалик ҳисобидаги ерда дарахт ўтқазиш қонунан мумкинмаслигини билмай, боғ яратган. Куни кеча чиққан Олий суд қарорига кўра, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонини аввалги ҳолатида қайтариш белгиланган. Бироқ, бугунги кунда дарахтларни қўпориб ташлаш, табиатга зиён етказиш ҳам таъқиқланган»,— дейди ҳокимлик масъулларидан бири.
Бизни эса туман масъули айтмоқчи, икки фермер ўртасида келиб чиқаётган низоларга сабаб бўлаётган шахсий келишмовчилик, ҳужжатлардаги англашмовчиликлар ва масъулларнинг ҳам эътиборсизлиги оқибатида эса бугун 19 ёшга тўлган қиз томонидан 3 йил илгари қонунан мумкин бўлмаган экин майдонида яратган боғининг пайҳон бўлмаслиги учун қилаётган ҳатти-ҳаракати ўйлантиради. Ачинарлиси, деҳқон қизнинг уч йил давомида сув етмас, нообод ерни обод қилиб, боғ яратиш учун меҳнат қилиб келаётгани аслида, ноқонуний экани мутасаддилар томонидан тушунтирилмаган.
«Шахсан ўзим қизнинг меҳнаткашлигини биламан. Бугун Хуршида қатори ёшларнинг кўпчилигини турли кўнгилочар масканларда, кўча-кўйларда, кафе-барларда юришганига гувоҳмиз. Аммо Хуршида тонгдан тунгача меҳнат қилади. Тинмайди. Сув чиқмас ерга маҳси калишда қатнаб, ниҳолларга челаклаб сув қуяди. Мактабни ҳам аъло баҳоларда тугатган. Ҳозирги пайтда Тошкент амалий фанлар университетида тўлов-шартнома асосида сиртдан таълим ҳам олади. Бундан ташқари, дзю-до бўйича ўтказилган мамлакат чемпионатларида бир неча маротаба муваффақият қозонган. Шижоати, ғайрати баланд. Курашчан, интилувчан қиз, аслида, кўпчилик ёшлар учун ўрнак. Бундай ёшларни қўллаб-қувватлаш, хато-камчиликларини тузатишда елка тутиш лозим. Икки фермер ўртасидаги шахсий низоми, адоватми унинг фаолиятига тўсиқ бўлмаслиги керак», — дейди ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбари Суҳробжон Абдуллаев.
Низоли ер аукционга қўйиладиган бўлди
Ишчи-гуруҳ иштирокидаги йиғилишда муаммоли ер майдони давлат захирасига ўтказилиб, танлов (аукцион)га қўйилиши масаласи ўртага ташланди. Ва бу борада айни пайтда ер майдонининг қонуний эгаси, «Фариджон чорбоғи» фермер хўжалиги раҳбари Ғайрат Ҳамроевнинг ўзи ҳам сўз олган ва 1,5 гектарли ушбу муаммоли ер майдонининг давлат захирасига ўтказилиши энг тўғри йўл эканини билдирган.
«Бугун 19 ёшли қизнинг видеомурожаат орқали йўллаган масаласи ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида қизимиз таклиф қилган муаммоли, яъни бошқа фермер хўжалиги ҳисобида бўлган ер майдонининг 1,5 гектар қисми захирага қайтарилиб, туман ҳокимлиги томонидан лотларга бўлинган ҳолда танловга, аукционга қўйиладиган бўлди. Албатта, бу ер майдонлари шу ҳудудда яшовчи кам таъминланган, шароити бўлмаган фуқароларга танлов асосида ажратиб бериладиган бўлди. Шу ўринда, Хуршида ҳам ушбу танловда иштирок этиб, лот ютиб олиши мумкин. Бу борада туман ҳокимлиги мутасаддилари тавсиясига таянадиган бўлса, албатта, юқори балл тўплаш имконига эга бўлади. Қизнинг мурожаати ижобий ечим топганидан ҳаммамиз хурсандмиз»,— деган «Xabar.uz»га берган интервьюсида вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аскар Жаводов.
Шу ўринда, можароли ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасининг ҳолатни ўрганиб, қизнинг видеомурожаатини ижтимоий тармоқ кузатувчилари эътиборини тортиш мақсадида фойдаланилган, деб ҳисоблангани таассуфли.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда Хуршида Валиеванинг видеомурожаати тарқалгач, «Бу қизнинг ортида ўргатувчилари кўпга ўхшайди» деган иддаолар ҳам билдирилди. Улар орасида қиз шу йўл билан «машҳур» бўлиш йўлини танлангандир-да, дея кесатиқланганлар ҳам йўқ эмас. Бироқ ҳали мустақил ҳаёт остонасига эндигина кириб келаётган қизнинг ҳатти-ҳаракатлари йиғилишда тўпланганларнинг ҳам эътиборини жалб этмай қўймади.
«Ўзбошимча» қизнинг ҳаққонияти
«Фермер хўжалигини ривожлантириш учун ишчи кучига зарурат туғилар экан. Ота-онам зиммасига ўзимизнинг оғир юкимизни ортиб қўймаслик учун доимий ҳаракатда бўлдим. 15 ёшимдан бошлаб, турли кўп қувватли тракторларни ҳам бошқаришни ўргандим. Бу техник воситалар орқали ерни шудгорлаш, культивациялаш ишларини бажариш менга умуман қийинчилик туғдирмайди. Бундан ташқари, боғдаги кўчатларга челаклаб сув ташишни осонлаштириш мақсадида икки йилча олдин юз қувватли насосни ўрнатишни режалаштиргандим. Ва аввалига ўзим лапати билан чуқур қазиганман, кейин техникалар жалб этганман ва бу ота-онам учун «сюрприз» бўлганди. Аммо яширмайман, жимитдай жоним билан буни уларнинг кўмагисиз амалга оширганим учун отам бироз жаҳлланган ҳам эди (кулиб)»,— дейди Хуршида.
«Ўзбошимча» қизнинг суҳбатида шунчаки эмоция эмас, ҳаққоният ҳам мужассамлиги эътиборимизни тортмай қўймади. 19 ёшида анча-мунча йигитлар бажара олмайдиган ишни уддалаётган қизнинг замонавий андозаларда тикувчиликни ҳам мукаммал ўзлаштиришга улгурган экан. 48 килограмм вазн тоифасида спортнинг дзю-до туридаги муваффақиятлари, илмда ҳам пешқадамлиги тенгдошларига ўрнак. Меҳнатдан, ҳунардан қочмайдиган бундай ёшларни бугун кам учратамиз. Айни пайтда эса Хуршиданинг ай-ти соҳасига қизиқиши ортаётгани, инглиз ва рус тилини ўзлаштиришга ҳам киришаётгани диққатни тортади.
«Одам аввало, ўзига ва ўз кучига ишонса, бас! Шунда олдида турган тўсиқ ва қийинчиликларни дадил енга олади. Мен ўзимга ва қалбимга ишонаман. Айни пайтда эса менга ишонишларини истайман»,-дейди Хуршида ва сўзида давом этади: «Олий суд туман ва вилоят судларининг қарорига таяниб, ер майдонларини “Фариджон чорбоғи” фермер хўжалиги фойдасига ундириб берган. Лекин судда биз, тўғрироғи, отам иштирок этмаган. Лекин мана, вилоят ҳокимлиги масъулларининг эътибори, масалага тўғри ёндошуви билан муаммоли ер давлат захирасига ўтказиладиган ва сўнг аукционга қўйиладиган бўлди. Улар томонидан ўзим ёшлик қилиб, қонунни билмаган ҳолда аслида экин майдони учун мўлжалланган ерда барпо этган боғимни аукцион орқали олишим мумкинлиги тушунтирилди. Бўй чўзган ниҳол ва дарахтларга шикаст етказмаган ҳолда ер майдонида сабзавот экинлари етиштириш ва бозорларни арзон маҳсулотлар билан тўлдириш имкони мавжуд экан. Бор куч-ғайратимни ишга соламан. Меҳнатда пишганман ва ҳеч қачон меҳнатдан қочмайман. Менга ишонишса бўлди, бу ишончни, албатта, оқлайман»,— дейди.
«Xabar.uz» мухбири Хуршида Валиева яратган боғда бўлган. Бу пайтда эса қиз яратган боғдаги 30 дан ортиқ дарахт кўчатлари қўпориб ташланган, пайҳон қилинган эди.
«Вилоят мутасаддилари биз, ёшларни қўллаб-қувватлаш учун жон куйдираётган бир пайтда энди бу ҳолатни қандай тушуниш мумкин? Ахир, буларни чақалоқни катта қилгандек, парваришлаганман-ку?!» — дейди қиз ниҳолларига ачинган кўйи.
Фермер: «инсофимни емаганман, боғга зиён етмайди»
Фермер хўжалик раҳбари Ғайрат Ҳамроев эса кўчмас мулк айни пайтда ўзига тегишлилигини, бу ҳолатни эса ер майдонини текислашга киришган вақтда, яъни экин экишга халақит берадиган айрим дарахт кўчатларини бир кун олдин юлиб ташлаганини ва бу пайтда қизнинг ўзи трактор олдига чиқиб, қаршилик кўрсатганини билдирган.
«Яширмайман, қиз ҳақиқатан огоҳлантирувларимгаям қарамади. Аммо унинг миттигина жони билан меҳнат қилганини, тер тўкканини тан оламан. Кўз олдимда тупроқ кечиб, челаклаб сув ташиди. Отаси билан ўртамиздаги низода қизни ҳам аралаштирганимда, қонунан ер менга тегишли бўлганидан фойдаланиб, унга тиш-тирноғим билан қаршилик кўрсатишим мумкин эди-ку, ахир. Инсонийлик, ўзбекчилик боис, меҳнаткаш қиз заҳматига тўсиқ бўлмай келдим. Нима бўлса, ортда қолди. Мен ҳам инсофимни еган эмасман. Дарахтларга зиён етказишни хаёлимга ҳам келтирганим йўқ. Бугун бу муаммоли ер майдонини давлат захирасига ўтказилиши ҳақида ҳам кенгашилди. Танловда эса ер майдонини ким ютиб олса, уники бўлади. Танловда ким ютишидан қатъий-назар, ўйлайманки, боғга зиён етказмайди»,— деди Ғайрат Ҳамроев.
Ғайрат Ҳамроев «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда қишлоқда аҳоли ва машиналар қатнови учун йўл йўқлиги, ўз фермер хўжалиги ҳисобидан яна маълум қисмини захирага топшириб, қишлоқ йўли яратиш ҳам режасида борлигини билдирган.
«Боғ яратиб, томорқа ерига эга бўламан, деганлар бирмас, ўнлаб топилади. Фермер хўжалигимга тегишли ер майдонларининг маълум қисми давлат захирасига ўтказилиб, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилар экан, мен ҳам шу мақсадни қўллаб-қувватлайман ва бундай такбирли қарорларга қарши чиқишга ҳақим йўқ»,-дейди фермер хўжалик раҳбари.
«Xabar.uz» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter