Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Орол денгизи минтақасини тиклаш бўйича режалар эълон қилинди — Жаҳон банки

Орол денгизи минтақасини тиклаш бўйича режалар эълон қилинди — Жаҳон банки

2021 йилги Бутунжаҳон илғор технологиялар бўйича танловда Орол денгизи минтақасини тиклаш бўйича инновацион режалар эълон қилинди.

Асаларичиликни ривожлантиришга кўмаклашадиган гул плантациялари, аёлларни табиий ресурсларни бошқаришга ўргатиш, шўрланган ерларни тиклаш бўйича лойиҳа – бу Орол денгизи минтақасида ерларни тиклаш – 2021 йилги Бутунжаҳон илғор технологиялар танловида бош совринни қўлга киритган илғор инновацияларнинг бир қисмигина холос.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, 9 апрел куни Жаҳон банки томонидан Глобал Ландшафт Форуми (GLF), Қозоғистон-Германия университети (DKU) ва Plug and Play (P&P) инновацион компанияси билан ҳамкорликда ўтказилган виртуал маросим пайтида тўрт нафар ғолиб эълон қилинди.

Танловга бешта қитъадаги 28 мамлакатдан 159 та таклиф келиб тушди. Аризаларнинг ярмидан кўпи Марказий Осиё мамлакатларидан келган. Жаҳон банки ва ҳамкор ташкилотлардан бўлган 42 нафар дунёнинг етакчи мутахассислари тақдим этилган материалларни баҳолаб, 24 та лойиҳани танладилар.

Бир пайтлар катталиги бўйича дунёда тўртинчи кўл бўлган Орол денгизи бугунги кунда деярли йўқ бўлиб кетди. 2020 йил ноябр ойида бошланган илғор технологиялар танлови Орол денгизи минтақасида ерларнинг таназзулга учраши ва чўлланишга қарши курашиш бўйича илғор ғояларни аниқлашга қаратилган. Жаҳон банки ва унинг ҳамкорлари кўмагида Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари Орол денгизининг қуриши натижасида келиб чиққан экологик зарарни камайтириш борасида катта ютуқларга эришмоқдалар.

Бутунжаҳон илғор технологиялари танловининг ғолиблари:

⦁ Қишлоқ хўжалиги ва ер ресурсларини бошқариш: Қуруқ шўрланган ерларни барқарорлаштириш учун маҳаллий чўкинди жинслар ва чиқиндиларни ишлатишга асосланган NETICS B.V. (Голландия) томонидан ишлаб чиқилган ерни тиклаш жараёни. Компаниянинг патентланган GEOWALL®  технологияси шикастланган Орол денгизи ҳавзасидан заҳарли тупроқларнинг шамол орқали тарқалишининг олдини олишга мўлжалланган.

⦁ Барқарор ўрмончилик: Ўзбекистонлик Наталя Акиншина ва Азамат Азизовлар томонидан ишлаб чиқилган «Орол асал боғлари» лойиҳаси асаларичиликни ривожлантириш учун гулли дарахтларни экишни назарда тутади, бу эса ўрмонларни тиклаш билан бир қаторда аҳолини янги иш ўринлари ва даромадлар билан таъминлайди.

⦁ Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш: Хайринисо Расулова, Муяссара Бобохонова, Шоҳида Тулиева ва Фарзона Маҳмудова томонидан тақдим этилган Аёллар сув форумининг (Тожикистон) ташаббуси онлайн технологиялар, мураббийлик ҳамда сув ва ер ресурсларини бошқариш соҳасида ўқитиш орқали қишлоқ аёлларининг имкониятларини кенгайтиради. Лойиҳа Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги ташаббуслар билан ҳамкорлик қилишни мақсад қилган.

⦁ Ахборот ва билим: kartECO – Экологик ва энергетиc муҳандислик бўйича консультация (Греция) томонидан ишлаб чиқилган яйловларни барқарор бошқариш учун Sentinels иловаси  — бу булутли онлайн-тизим бўлиб, у Марказий Осиёда ўтлоқларни сақлаб қолиш ва яйловларни йўқ қилишга қарши курашишга қаратилган.

Орол денгизини тиклашда қўшган ҳиссалари учун танлов ғолиблари 5000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти ва мураббийлик дастурида қатнашиш имкониятига эга бўлдилар.

Танловда иккинчи ўринни эгаллаган лойиҳаларнинг ҳар бири 1000 доллар олди ва «Янги юлдуз» номинациясида тақдирланди:

⦁ Қишлоқ хўжалиги ва ер ресурсларини бошқариш. Сувни тежаш ҳамда ер ва тупроқни шамоллатиш учун озуқавий гидрогел (Қирғизистон)

⦁ Барқарор ўрмончилик. Уруғ ичидаги денгиз: ерларни тиклаш учун агро-ўрмончилик соҳасидаги регенератив ечимлар (Ўзбекистон)

⦁ Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш. «Марказий Осиё ери ва суви» YouTube каналида Орол денгизи ҳавзаси ҳақидаги янгиликлар (Германия)

⦁ Ахборот ва билим (жамоавий). Экинларнинг униб чиқишини баҳолаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш учун дронлар ёрдамида таназзулга учраган ерларни масофадан туриб зондлаш (Қозоғистон); ер ва сув ресурсларини яхшироқ бошқариш учун очиқ ахборот хизматларини тақдим этадиган PRO-access технологияси (Нидерландия).

Танлов ҳафталигига тайёргарлик кўриш жараёнида халқаро экспертлар 24 нафар финал иштирокчилари учун бизнес ва нетворкинг масалалари бўйича қатор виртуал давра суҳбатлари, маърузалар ва мунозаралар ўтказдилар.

«Ушбу креатив ғоялар Орол денгизи ҳавзасининг тикланишига ёрдам беради. Улар барчамиз бу дунёни ўзгартиришга, шу жумладан иқлим ўзгариши билан боғлиқ жиддий глобал муаммоларга қарши туришга қодир эканлигимизни тасдиқлайди», — деди Барбара Януш-Павлетта, Қозоғистон-Германия университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг