Собиқ божхоначи ҳокимда юкни тўхтатиб туришга ваколат борми?
Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимованинг айтишича, 2021 йил 28 декабр куни қарийб 100 тонна чигит маҳсулоти Қашқадарёдан Самарқандга кириш чегарасида ЙПХ ходимлари томонидан Қашқадарё вилоят ҳокими биринчи ўринбосари топшириғи асосида ушлаб қолинган эди.
Кейинроқ Алимова у билан боғланишга уринган, иши битмагач, вилоятнинг янги ҳокими, Давлат божхона қўмитасининг собиқ раҳбари Муроджон Азимовга ҳам вазиятни тушунтирган, аммо фойда чиқмаган.
Бугун Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди. Муносабатда ҳокимият вакиллари, хусусан, ҳоким ва унинг биринчи ўринбосари билан боғлиқ вазиятлар тилга олинмаган. Фақат Ўзбекистон ички чегарасида ноқонунийлиги айтилаётган юк тўхтатилгани ёзилган.
«Ҳақиқатан ҳам 2021 йил 28 декабр куни Чироқчи туманидаги «Умакай» постида Йўл ҳаракат хавфсизлиги ходимлари томонидан чигит маҳсулоти ортилган 3 та юк транспорт воситаси тўхтатилган. Ички ишлар ходимларига ўзини чигитни олиб кетаётган корхона экспедитори деб таништирган Комил исмли шахс қоғоз шаклидаги 94 тонна чигит маҳсулотини «OQ SAROY KLASTER» МЧЖдан «MAROQAND GOLD OIL EKSTRAKSIYA» МЧЖга жўнатилгани ҳақида қўлда ёзилган (QR кодга эга бўлмаган) юк хатини тақдим қилган.
Лекин, тақдим этилган ҳужжатлар орасида электрон ҳисобварақ-фактура, биржа савдосидан ютиб олгани тўғрисида электрон тикет, шартнома ва ишончнома бўлмаган. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2020 йилдаги 489-сон қарори 2-иловаси 67-бандида «Товарлар транспорт воситасида ташилганда электрон шаклда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура QR кодга эга бўлган электрон тарзда ёки қоғоз нусхаси чоп этилган ҳолда ташувчига тақдим этилиши» белгиланган.
«MAROQAND GOLD OIL EKSTRAKSIYA» МЧЖ олиб кетаётган чигит маҳсулоти бўйича QR кодга эга бўлган ҳисобварақ-фактура йўқлиги ва тақдим этилган ҳужжатларда шубҳа туғилгани сабабли 3 та юк транспорт воситасидаги чигит маҳсулотлари қонуний равишда вақтинча сақловга олинган», дейилади ҳокимиятнинг расмий маълумотида.
Ҳозирча ИИВ ёки божхона қўмитаси бу бўйича расмий муносабат билдирмади. Ҳар ҳолда энг биринчи навбатда бу уларнинг ваколати доирасида, чунки юк машиналарини ички ишлар органлари ходимлари тўхтатган, чигитнинг расмий ҳужжатсиз олиб ўтилиши эса божхоначиларга тегишлидир.
«Республикамизда Солиқ қонунчилиги такомиллашиб, Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2020 йилдаги 489-сон қарори билан Давлат солиқ қўмитасида қўшилган қиймат солиғидан қочишнинг олдини олиш ва тўғри ҳисоблаш учун электрон ҳисобварақ фактураларнинг ахборот тизими яратилган. Яъни ҳар бир солиқ тўловчи электрон ахборот тизими орқали сотилган товарни харидорга жўнатишдан аввал электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштириши, олувчи ҳам электрон имзо билан қабул қилганлигини тасдиқлаши лозим. Бу ҳисобварақ-фактуралар Давлат солиқ қўмитасидаги электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида шаклланади ва қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш учун асос бўлади», дея солиқ ва божхона қонунчилиги эсга олинади Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборотида.
Кейин эса қавс ичида алоҳида қайд этилади: «(Электрон ҳисобварақ фактурасисиз, қўлда ёзилган қоғоз юк хати билан товарларни реализация қилиш шубҳали бўлиб, юк хати фақатгина ортилган товарнинг йўлдаги текширувлари учунгина фойдаланилиб, кейинчалик йўқотилиши орқали солиқдан қочиш эҳтимоли катта)».
Ҳозирда вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан «MAROQAND GOLD OIL EKSTRAKSIYA» МЧЖ томонидан «OQ SAROY KLASTER» МЧЖдан электрон ҳисобварақ-фактураси расмийлаштирилмасдан чигит маҳсулоти олиб кетилгани юзасидан тезкор ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Тезкор қидирув тадбирлари ошкора ва ноошкора усулларда ўтказилгани сабабли айрим ҳолатлар ошкор этилмаслиги билдирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter