Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Она» (видео)

«Оилам» видеолойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони сирдарёлик Фотима опа Оқмирзаева.

«Мен турмуш ўртоғим ҳақида гапирмоқчи эмасман, болаларим ҳам отам ҳақида гапирмаймиз, у яхши инсон дейишади» деб гап бошлайди Фотима опа.

Қаҳрамонимиз бошқа ёлғиз оналардан фарқли ўлароқ, турмуш ўртоғини қораламоқчи эмас. Бошига тушган қийинчиликлар учун кимларнидир айбламоқчи эмас. Турмуш ўртоғи оиласини ташлаб кетган бўлсада, барибир улар яхлит оила бўлиб қолганини айтмоқчи.

— Турмушда етишмовчиликлар, беморликлар бўлган. Фарзандларим «дада», деган сўзни айтишга маҳтал бўлган, ҳатто қўшнимизнинг фарзандлари отасининг олдига югуриб чиқиб «дада», деб бўйнига осилса, менинг икки ёшли қизим ҳам қўшилиб «дада» деб бақириб юборган пайтлари бўлган... Аммо мен ва фарзандларим бир-биримизга суянчиқ бўлиб бу кунларни ортда қолдирдик.

Барча ташвишларнинг, қайғуларнинг аламини меҳнатдан, ўқишдан олдик. Катта қизим Дилноза доимо кўзимга қараб туради. Ички кечинмаларимни ҳис қилади. Оилада ҳар бир фарзанд ўзига хос, алоҳида ўрни бўларкан. «Она мана биз бормиз, сиқилманг, биз қанча кунларни енгдик, бу кунларни ҳам биргалашиб енгамиз», деган гапларидан мен ўзимни қўлга олишим кераклигини тушунардим.

Мен отаси ёки онаси йўқ ўқувчиларимни ҳаммадан кўпроқ тушунардим. «Оилам» мавзусида иншо ёздирганимда, ёзолмай йиғлаб чиқиб кетган ўқувчиларим бўлган. Лекин уларни ортга қайтарганман: оиласи — мактабдаги ўқитувчилари, ўртоқлари эканлигини, отасизлик ёки онасизлик уяладиган ҳолат эмаслигини тушунтиролганман. Ўғлим рус тили фани ўқитувчиси, биз фарзандлар тарбияси ҳақида баҳслашганимизда айтади: «она боланинг тарбиясига уйда ота-она, мактабда устоз масъул. Боланинг қизиқишларини чегараламаслик керак». Ҳа, шундай оилалар бор — оилада фақатгина бировлардан ёзғириш, моддийлик ҳақида эмас, ўз иши, болалар тарбияси мавзусида талашиб-тортишадиган фарзандлар ва оналар бор — дейди Фотима Оқмирзаева.

Ёлғиз она курашувчан ва қўлида ҳунари ёки олий маълумотли бўлса, фарзандлари келажакда Фотима опанинг ўғил-қизларидек ҳавас қиларли бўлиб вояга етишини шу қаҳрамонимиз орқали кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик. Онанинг барча фарзандлари олий маълумотли. Барчаси ўзи хоҳлаган касбни танлаган. Ва шу билан бирга, яхши одамларнинг атрофида ўзига ўхшаган қалби эзгуликка тўла олижаноб одамлар йиғилишини кўрдик. Қолганини қаҳрамонимизнинг ўзидан эшитамиз.

Муаллиф: Барно Султонова
Тасвирчи: Акмал Қудратов
Монтаж устаси: Шерзод Қаюмов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг