Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олий суд ҳокимларнинг айрим ваколатлари қисқартиришни таклиф қилди

Олий суд ҳокимларнинг айрим ваколатлари қисқартиришни таклиф қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига «Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқиш учун киритилди.

Олий суд томонидан қонунчилик ҳуқуқи ташаббуси асосида тақдим этилган ушбу қонун лойиҳаси мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Қонун лойиҳасида ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига таъқиқ белгилаш, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини тугатиш бўйича уларнинг ваколатларини чеклаш таклиф этилмоқда.

Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйиш ваколатини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига бериш назарда тутилмоқда.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, ҳеч ким суд қарорисиз мулк ҳуқуқидан маҳрум қилишга ёки уни чеклаб қўйишга ҳақли эмаслиги қонунда мустаҳкамлаб қўйиляпти.

Хусусийлаштирилган хусусий мулк бўлган ер участкасини олиб қўйиш, башарти у национализация қилинадиган бўлса, фақат давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ҳамда ер участкаси мулкдорининг розилиги олинганида, хусусийлаштирилган ер участкасининг шартнома қиймати ва бошқа зарарларнинг ўрнини давлат томонидан олдиндан қоплаш шарти билангина, башарти у реквизиция қилинадиган бўлса, хусусийлаштирилган ер участкасининг мулкдорига етказилган зарарлар ва бошқаларнинг ўрнини қоплаш шарти билан амалга оширилишини назарда тутиш таклиф этилмоқда.

Албатта, буларнинг барчаси мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

Айни пайтда қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун масъул қўмита томонидан тайёрланмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг