Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери «Ёшлар парламенти» аъзолари билан учрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери «Ёшлар парламенти» аъзолари билан учрашди

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Жорий йилнинг 17 август куни «Ёшлар парламенти» аъзоларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ҳамда сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари билан учрашуви ўтказилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ўз сўзида «Ёшлар парламенти» ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнларда ёшларнинг иштирокини таъминлашга қаратилган фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисмига айланаётганини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда Қонунчилик палатаси Спикери ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигини барча босқичларига жалб этиш, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш юзасидан янги ва устувор йўналишларни белгилашда уларнинг фаоллигини янада кучайтириш ҳамда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.

— Ёшлар парламенти – шунчаки оддий тузилма эмас, балки ёшларимизнинг сиёсий фаоллигини таъминлашга хизмат қиладиган ҳақиқий майдондир, — дейди Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов. — Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини бойитиш, қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни жалб қилиш, қабул қилинган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилишда, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда Олий Мажлисга ва давлат ҳокимиятининг бошқа органларига самарали ёрдам беради деб ишонамиз. Шу ўринда биз Ёшлар парламенти фаолиятининг натижаларидан фойдаланиш масаласига ўта жиддий ва катта масъулият билан ёндашган ҳолда, ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Спикер 12-13 август кунлари бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми «Ёшлар 2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусидаги нуфузли халқаро анжуманда «Ёшлар парламенти» аъзоларининг муваффақиятли иштирокини, мазкур Форумда Ёшлар парламенти аъзолари Муҳтарам Президентимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияни қўллаб- қувватлаганликларини алоҳида эътироф этди.

Тадбирда «Ёшлар парламенти» аъзоларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш, уларнинг қонунчилик ҳамда парламент назоратини амалга ошириш жараёнларидаги иштирокини таъминлаш масалалари билан ўзаро фикр алмашилди

Йиғилиш давомида вилоятлардан саралаб олинган «Ёшлар парламенти»нинг аъзолари ўзларини қизиқтирган саволлар ва таклифлари билан фаол иштирок этдилар.

Тадбирда билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида «Ёшлар парламенти» келгуси фаолиятининг асосий йўналишлари ишлаб чиқиладиган бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг