Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ноёб маҳсулотлар сайёҳлар учун ўзига хос «ташриф қоғози»

Ноёб маҳсулотлар сайёҳлар учун ўзига хос «ташриф қоғози»

Географик кўрсаткичларга эга маҳсулотлар маълум бир минтақанинг тарихи, анъаналарини ўз ичига олади. Мисол учун, ҳақиқий «Рокфор» пишлоғи географик кўрсаткичларга кўра, фақат қўй сутидан тайёрланади ва фақат Франциянинг тарихий Руэрг вилояти ҳудудидаги ғорларда етилиши мумкин. Яъни бундай маҳсулотлар маълум бир ҳудуднинг ўзига хос «ташриф қоғози» бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам барқарор ва узоқ йиллик тарихга эга, келиб чиқиш жойи, анъанавий билимлари, махсус технологиялари билан чамбарчас боғлиқ ва шунинг учун ноёб мерос ҳисобланадиган кўплаб анъанавий маҳсулотлар мавжуд. Ҳар бир минтақа ўзининг ўнлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қўл меҳнати ишлари ва маҳаллий гастрономик таомларига эга. Биргина Фарғона водийсида машҳур Риштон сопол буюмлари, Қува анорлари, Тўрақўрғон гилоси, Чуст пичоқларини эсланг. Самарқанд нонлари, Хоразм қовунлари, Паркент узумлари Ўзбекистон чегараларидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Республикаси Адлия вазирлиги мутахассислари иштирокида Ўзбекистонда географик кўрсаткичларнинг барқарор тизимини жорий этиш бўйича 1 майдан 17 майгача тренинглар ўтказмоқда. Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари маҳаллий фермерлари, тадбиркорлари, ҳунармандлари учун ташкиллаштирилган тренинглар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ФАОнинг «Географик кўрсаткичлар орқали барқарор озиқ-овқат тизимларини мустаҳкамлаш» лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда.

ФАО экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганидан бир йил ўтгач мамлакатда тўртта маҳсулот, яъни, «Марғилон адраси», «Марғилон атласи», «Қўқон пичоқлари» ва «Зомин тандир-гўшти» интеллектуал мулк объекти сифатида рўйхатга олинган.

 «Географик кўрсаткичлар ҳозирги кунда қишлоқларни ривожлантириш ва маҳаллий жамоаларни қўллаб-қувватлаш учун муҳим воситага айланмоқда, –дея таъкидлади халқаро эксперт Сертач Докузлу. – Яъни бу маълум ҳудудларда ишлаб чиқарилган ва ўзига хос хусусиятли, истеъмолчилар учун қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни ажратиш имконини беради. Истеъмолчилар эса кафолатланган ўзига хос хусусиятларга ва юқори сифатга эга маҳсулотларни сотиб олишга қийналишмайди.»

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк маркази вакили Бобур Аббосов буюртмаларни расмийлаштириш ва географик кўрсаткичларни рўйхатдан ўтказиш тартиби масалаларини батафсил баён этди.

Шунингдек, интерфаол машғулотлар давомида иштирокчилар ўз ҳудудларининг анъанавий маҳсулотлари учун географик кўрсаткичларни рўйхатдан ўтказиш учун бирламчи ҳужжатларни тузишни ўрганмоқдалар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг