Адлия вазири: «Нотариусларнинг ишга хоҳлаган вақтда келиб, хоҳлаган пайтда кетишига чек қўйилади!»
Шу йилнинг 24 май куни Ўзбекистон адлия вазирлигида блогелар ва журналистлар билан учрашув бўлиб ўтгани, адлия вазири Русланбек Давлетов уларни қизиқтирган қатор саволларга жавоб бергани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон адлия вазири «Xabar.uz» мухбирининг нотариат соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш, хусусан, нотариуслар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятини электронлаштириш, нотариал идораларга тўлиқ видеокузатув мосламаларини ўрнатиш бўйича қандай ишлар амалга оширилиши режалаштирилаётгани ҳақидаги саволи юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:
—Нотариат соҳасида электронкузатувдан эҳтиёт бўлиш керак. Чунки нотариат сири деган нарса бор. Нотариат сири, масалан, сиз мижоз бўлиб келсангиз видеога олиши, у қайси нотариал ҳаракатни амалга оширганлиги бу сир ҳисобланади. Бу маълумот қонун билан ҳимояланади.
Бу ерда видеокузатув мосламасини тўғридан-тўғри нотариуснинг хонасигага ўрнатиб қўйишимиз мумкин, лекин бу тўғри келмайди. Биз видеокузатув тизимини умумий хоналарга, умумий котиблар ўтирадиган хоналарга қўйишимиз мумкин. Бевосита нотариус ҳаракати бўладиган жойда қилиш, менинг фикримча, бу нотўғри бўлади. Бу нотариат сири ҳақидаги қонун нормаларига зид бўлади.
Лекин нотариат тизимини тартибга солувчи, нотариусларнинг фаолиятини, масъулиятини ошириш учун бошқа тизимлардан фойдаланишни кўзлаяпмиз. Масалан, ходимларнинг бармоқ изларини сканер қилиш йўли орқали биз меҳнат тартиб интизомини ҳам тартибга солмоқчимиз. Чунки ҳар куни нотариал ходими ишга вақтида келганлигини билдириш учун бармоқ изи орқали тасдиқдан ўтиши керак бўлади.
Бу тизим орқали нотариусларни керак бўлса, тушлик вақтида ҳам, кечқурун кетишдан олдин ҳам, улар соат неччида нотариал идорага келиб, неччида кетишини, қачон қайтиб келиб, тизимга қачон кириб-қачон чиқиб кетишини назорат қилишимиз мумкин. Айни пайтда 10 та давлат нотариал идорасида ушбу тизим синовдан ўтказилмоқда. Бунинг учун махсус дастур ишлаб чиқилган.
«Xabar.uz»:
— Бу нотариусларнинг кўпинча иш жойида бўлмаслиги юзасидан кўпайган шикоятларидан кейин жорий этилаётган бўлса керак-да, тўғрими?
— Албатта, жуда кўп шикоят. Нотариус иш жойидан сабабсиз кетиб қолган, одамлар эса кутиб ўтирибди. У эса хоҳласа нотариал идорага қайтган, хоҳласа қайтмаган. Бизда энг асосий муаммолар ҳам шу, яъни нотариаусларнинг маданияти, касбига муносабати билан боғлиқ. Биз ҳар бир нотариал идорани кузатиб ўтиролмаймиз. Шунинг учун иккита йўналишдан фойдаланамиз.
Биринчиси — жамоат назорати. Халқимизга: «Қайси нотариус ўзини қандай тутяпти, қайси нотариал идорада қандай сансалорлик ёки қоидабузарлик бўлмоқда? Келинглар, муаммоларни айтинглар бизга!» деб айтяпмиз. Иккинчидан замонавий ахборот телекоммуникация ускуналаридан фойдаланамиз. Ўйлайманки, яқин йилларда тизимдаги муаммолар босқичма-босқич бартараф этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter