Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоийда янги лойиҳа: зукко китобхоннинг ота-онаси санаторийда дам олади

Навоийда янги лойиҳа: зукко китобхоннинг ота-онаси санаторийда дам олади

Фото: «Xabar.uz»

Навоий вилоятида мутолаа тарғиботини кучайтириш, ёшлар орасида билимдон ва зукко китобхонларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган «Тафаккур» интеллектуал телеўйинининг илк сони тасвирга олинди.

Билимлар беллашувида Навоий шаҳри, Кармана ва Навбаҳор туманларидан келган ўқувчи ёшлардан иборат жамоа қатнашди.

Фото: «Xabar.uz»

6 нафар ёш китобхон қатнашган жамоага турли соҳа вакиллари, шунингдек АҚШ ва Туркияда истиқомат қилувчи ватандошларимиздан ҳам саволлар йўлланди. Ақл ва тафаккур синовларида ёш билимдонлар 7:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Энг фаол иштирокчи ва энг қизиқарли савол эгасига Навоий шаҳар ҳокимлигининг совғаси — телевизор топширилди. Шунингдек, ҳар бир иштирокчига вилоят ҳокимининг қиймати 100 минг сўмга тенг бўлган китоблар тўплами туҳфа қилинди.

— Телеўйиннинг «Заковат»дан фарқи, бизда саволлар асосан ўзбек ва жаҳон бадиий асарларидан олинади, — дейди «Тафаккур» ёшлар тарғибот маркази раҳбари Ж.Шуҳратов. — Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлар идораси Навоий вилоят вакиллги томонидан битта савол ҳамда вилоят ҳокимининг махсус саволи ҳар бир ўйинда тақдим этиб борилади. Вилоят ҳокимининг воҳамиз тарихи ва маданиятига оид саволига жавоб топган иштирокчининг ота-онасига саломатлигини тиклаш учун республикамиздаги сиҳатгоҳлардан бирига бепул йўлланма ҳамда билимдон бир миллион сўм қийматига эга бўлган китоблар жамланмаси билан мукофотланади.

— Навоийда илк бор ташкил этилган ушбу лойиҳа мени беҳад қувонтирди, – дейди дастурда меҳмон сифатида қатнашган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси К. Тожиев. – Илк баҳслар кутилганидек қизиқарли кечди. Телеўйинда ёш чегараси йўқлиги ҳамда турли соҳа вакилларидан иборат гуруҳлар қатнашиши мумкинлиги лойиҳанинг оммалашувига хизмат қилади, деб ўйлайман.

Эндиликда ҳар ойда икки маротаба ўтказиладиган ўйинларда ҳозирдан унга иштирок этиш учун шаҳар-туманлар, турли меҳнат жамоаларидан таклифлар келиб тушмоқда. Келгуси йилдан у турнир шаклида ташкил этилиб, ғолибларни қимматбаҳо совға билан тақдирлаш кўзда тутилган.

Озод Мустафоев, 
Навоий вилояти.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг