Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоийда мураккаб операция: она — фарзандига, ўғил — отасига ўз буйрагини берди

Навоийда мураккаб операция: она — фарзандига, ўғил — отасига ўз буйрагини берди

Фото: «Xabar.uz»

Навоий вилояти ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан кўп тармоқли тиббиёт марказида жорий йилнинг 22 февраль куни илк бор икки нафар беморда буйрак кўчириб ўтказиш операцияси амалга оширилди. Бу ҳақда «Xabar.uz» мухбири хабар бермоқда.

Бунинг учун бир гуруҳ мутахассислар чет эл клиникаларида малака оширди. Тиббиёт марказида ушбу мураккаб операцияларни ўтказиш учун қўшимча ўрин жойлар яратилди ва зарурий моддий техник база янада такомиллаштирилди.

Марказ бош врачи М.Аҳмедов раҳбарлигида уролог-трансплантолог А.Шодиев, қон томир жарроҳи А.Сафаров, нефролог Ш.Муҳаммадиевлардан иборат шифокорлар томонидан беморлар операцияга тайёрланди. Буйрак кўчириш амалиёти академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт марказининг етук трансплантолог мутахассислари профессор Фазлиддин Баҳриддинов ва илмий ходимлар Зоҳиджон Маткаримов, Ильяс Аблялимов, Азамат Суюмовлар билан биргаликда муваффақиятли амалга оширилди.

Жараёнда Сурхондарё вилояти Ангор туманида яшовчи 49 ёшли Дилором Шодиева фарзанди 21 ёшли Алиев Сирожиддинга ҳамда Нурота туманида яшовчи 27 ёшли Тўхтаев Аббос отаси 58 ёшли Бахтиёр ака Назаровга донорлик қилиб, ўз буйрагини ҳадя этди.

Маълумот тариқасида қайд этиш лозимки, бугунги кунда вилоятда 75 нафар бемор сурункали буйрак етишмовчилиги сабабли режали гемодиализ сеансини олиб келади ва тиббий нуқтаи назардан ушбу беморларнинг барчаси буйрак кўчириб ўтказишга муҳтож.

Эндиликда бу жараён янада ривожлантирилиб, бу каби мураккаб технологик  операцияларни ўтказилиши вилоят тиббиёти ривожланиши ва аҳоли саломатлиги учун ҳисса қўшади.

Бугун вилоят ҳокими К.Турсунов ҳам беморлар ҳолидан хабар олган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг