Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мурғак фарзандини ўз қўллари билан кўмган она қисмати. Уларни Сурияга кетишга нима мажбур қилган эди?

Мурғак фарзандини ўз қўллари билан кўмган она қисмати. Уларни Сурияга кетишга нима мажбур қилган эди?

Фото: «Xabar.uz»

Сурияда дарбадарликни бошидан кечириб, ўз юртига қайтарилган ватандош аёл ва болаларнинг қисмати ҳақида ҳикоя бошлаган эдик. Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги «Маърифат» тарғиботчилари жамияти аъзолари улар билан суҳбатлашишда давом этишмоқда.


Мавзуга оид: Пушаймонлик қисмати ёхуд гумроҳлик гирдобида


Жабрдийдаларнинг орасида олий маълумотли, тўрт-бешта тилни биладиган аёллар ҳам борлиги кишини ҳайрон қолдиради.

Интернет орқали адашиб, гумроҳлик гирдобига тушганлардан бири Зокирова Зебинисодир. У 1990 йили Бухорода туғилган. Олий маълумотли. Бухоро чет тиллар институтига юқори балл тўплаб ўқишга киради ва давлат гранти асосида битказади. Француз, инглиз, турк, тожик ва рус тилларини яхши билган Зебинисо ўзига тўқ оиланинг фарзанди эди. Ҳатто ўзининг ипак маҳсулотлари сотадиган дўкони ҳам бўлган. Бизнесини кенгайтириш мақсадида укаси билан ҳамкорликда олдин Қозоғистонда бўлиб, сўнг Туркияга ўтишган. Кейин эса Сурияда аччиқ қисмат пешвоз чиққан уларга.

Укаси Муҳаммад немис тилидан ўқишга тайёргарлик кўриб юрганди. Афсуски, унинг ўқишга кириш орзуси амалга ошмади. Жангарилар қаторида шаҳид бўлганини кейинчалик эшитган Зебинисо аламидан юм-юм йиғлади, афсус-надоматлар чекди.

Унинг бу қисматини эшитиб ўтирган Мўмина Солиева ҳам овоз чиқармай унсиз йиғлай бошлади.

У 1982 йили Андижонда туғилган. Уч нафар фарзанднинг онаси. Сабабини сўраганимизда, «Ўз қўлим билан кўмилган фарзандим ёдимга тушиб кетди», дея кечмиш-кечирмишидан сўз очди: «Эрим шаҳид бўлгач, уч нафар фарзандим билан Шомда қолиб кетдик. Ҳар ернинг ўз тошу тарозиси бор, дейишганда ишонмасдим. Ҳақ гап экан. Тирикчилик — тириклик билан, хотиржам ва тинч яшашинг билан эканлигини кеч англадим. Абдуллоҳ, Сайфуллоҳ ва Ҳабибаой исмли фарзандларимдан иккитаси соғ-омон. Шунгаям шукр қиламан. 12 яшар тўнғич ўғлим Абдуллоҳ кўз ўнгимда дайди ўқдан жон таслим қилди. Визиллаб учаётган ўқлардан омон қолиш қийин эди. Қарасам ташланган бомба таъсирида чор атрофни ёнғин қуршаб олганди. Ҳеч бўлмаса жасадини олиб келай деб олов ичидан зўрға олиб чиқдим. Ухламасдан тонг оттирдим. Атроф ёришгач, бир жойдан синиқ белкурак топиб, йиғлай-йиғлай ўз қўлим билан кўмдим». Мўмина кўзини юмганча беҳол бўлди. Шифокорлар унга сув ва дори берганидан сўнг хиёл кўзини очди.

Республикамизнинг турли вилоятларида ҳар хил ноқонуний йўллар орқали хорижга чиқиб, бало-ю қазоларга гирифтор бўлишини улар олдиндан билганларида бундай ҳолатга йўл қўймаган бўлармиди, деб ўйлайсан киши.

Шу ўринда, буюк Маҳaтма Гандининг тақдир ҳақидаги огоҳликка чорловчи мазкур ўгитини келтириш ўринлидир: «Сўзларингизга ҳушёр бўлинг, тушунчангизга айланмасин. Тушунчангизга ҳушёр бўлинг, у сизнинг хатти-ҳаракатингизга айланмасин. Хатти-ҳаракатингизга ҳушёр бўлинг, ҳисларингизга айланмасин. Ҳисларингизга ҳушёр бўлинг, баҳоингизга айланмасин. Баҳоингизга ҳушёр бўлинг, феълингизга айланмасин, феълингизга ҳушёр бўлинг, тақдирингизга айланмасин».

Бу фикр инсон ҳар бир дамга, ҳар бир қадамга масъуллик туйғуси билан қараши ва яшаши зарурлигини билдиради. Ўз фарзандлари бошларига кулфатлар ёғдириб, айримларини ногирон бўлишига сабабчи бўлганларини ҳис этган оналарнинг ҳолатини тасаввур этиш мумкин. Адашганни тўғри йўлга солиб, йиқилганни суяш, кўнгил бериш азалий қадрятларимиздан. Бунинг савоби ҳам, хайри ҳам катта.

Бундай тақдирлар тарихнинг варағига қандай рангда ёзилишини таҳлил қилиш эмас, балки муаммоларнинг оқибатларидан кўра, унинг сабабларини излаш ниҳоятда  муҳим. Табиийки, бу ўз-ўзидан халқаро масалаларга бориб боғланади.

Халқаро муносабатлар тизимидаги туб ўзгаришлар, жумладан, Яқин Шарқ масаласида ўта эҳтиёт бўлиб иш тутишни замоннинг ўзи тақозо қилмоқда. Акс ҳолда, беайб болалар ва хотин-қизларнинг қурбонликлари сони тобора ортиб бораверади.

Бунинг яққол мисоли сифатида саккиз йил мобайнида давом этаётган Суриядаги ўзаро нифоқлар ҳамда ислом дини ниқоби остидаги террорчи ва экстремистик ҳаракатларнинг хавфи тинч ҳаётга қутқу солишини таъкидлаш ўринлидир. Ачинарли ва афсусланарли жиҳати шундаки, ўзаро мухолифат ва жангарилик ҳаракатларида ўзбекистонликларнинг ҳам борлигидир.

Мавзуимиз манбаи бўлган ногирон болалари билан «Бўстон» сиҳатгоҳида реабилитация қилинган аёлларнинг эри ва балоғатга етган фарзандлари ана шу ҳаракатнинг қурбонига айланган. Бунга асосан, уларнинг ўзлари сабаб бўлганидан кўз юмиб бўлмайди. Шаҳид бўлганларнинг аёллари ва оналари ўз қилмишларини тан олиб, хатоларидан тўғри хулоса чиқариб, эндиликда янги ҳаётни бошлашларидан ўзга йўл йўқ. Уларнинг аксарияти шунга иқрор бўлишди, тавба-тазарру қилишди.

Бугунги кунда Ўзбекистон минтақада барқарорлик ва тинчлик омили сифатида турли таҳдид ва хавфлардан огоҳлантириш бобида бутун дунёга ибрат бўлаётгани ҳам сир эмас. БМТнинг 72-сессиясида жаҳон олий минбаридан туриб Президентимиз нафақат юртимизга, балки бутун жаҳонга тинчлик ғоясини илгари сургани ва турли хавфлардан огоҳ қилгани бежиз эмас.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, барча ҳаракатларимиз замирида тинчликпарварлик сиёсатини қўллаб-қувватлаш, истиқболли режаларнинг амалга ошиши ва бунёдкорлик фаолиятимизга тўсиқ бўладиган омилларга эътиборли ҳамда шафқатсиз бўлиш ғояси ётади. Токи, бу ҳаракат халқимизнинг фаровонлиги, осуда ҳаёти, давлатимизнинг тараққиёти стратегияси, ҳар бир инсонда ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини уйғотишга қаратилгандир.

Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ Матбуот котиби, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг