Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Муҳташам 100 кун» – Оҳангаронга медиа-саёҳат

«Муҳташам 100 кун» – Оҳангаронга медиа-саёҳат

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 20 октябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Оҳангарон шаҳрига медиа-тур ташкил этилди. Мақсад — сўнгги 100 кун ичида шаҳарда амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан оммавий ахборот воситалари вакилларини таништириш.

Ўзбекистон Республикасида шаҳарсозлик, йўлсозлик маданияти барқарор ривожланмоқда. Муҳтарам юртбошимизнинг бевосита ташаббуси билан бутун мамлакатимиз бўйлаб дилларни дилларга, халқларни халқларга яқинлаштирувчи ораста йўллар қурилмоқда, мавжудлари жаҳон стандартларига мос равишда реконструкция қилиниб, кенгайтирилмоқда. Хусусан, Тошкент-Фарғона-Ўш орқали Хитой Халқ Республикасига туташувчи А-373 халқаро автомагистралининг Оҳангарон шаҳридан ўтувчи 5,8 километрлик қисмида жудда катта миқёсдаги ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари олиб борилди.

Фото: «Xabar.uz»

«100 кун» сўзини алоҳида таъкидлаганимиз бежиз эмас. Чунки охирги уч ойда Оҳангаронга келмаган одамда худди бошқа шаҳарга келиб қолгандек тасаввур уйғониши аниқ: тартибсиз, шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига амал қилинмаган ҳолда қурилган бино ва иншоотлар, уй-жойлар,йўл ёқасида ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, маиший хизмат кўрсатиш объектларига айлантирилган қурилмалар ўрнини беш ва етти қаватли кўркам бинолар эгаллаган.

Оҳангарон кўчасининг эски кўриниши.
Фото: «Xabar.uz»

Атиги икки уч ой муддатда тор йўллар кенгайтирилиб, чироқлар ўрнатилган, болалар майдончалари, спорт масканлари ва аҳоли учун зарур бўлган бошқа маиший бинолар қад кўтарди. Яроқсиз аҳволга келиб қолган шаҳар инфратузилмаси, газ, ичимлик суви ва электр тармоқлари янгиланди.

Ишончли ижтимоий ҳимоя

Маълум бўлишича, шаҳар инфратузилмасини мутлақо янгилаш, йўлларни кенгайтириш ҳамда кўпқаватли уйлар барпо этиш учун 192 та уйни бузишга тўғри келган. Уларнинг барчасига жами 34 миллиард сўмга яқин компенсация пуллари ўз вақтида берилган ва берилмоқда.

Фото: «Xabar.uz»

Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Қобил Ҳамдамовнинг айтишича, аҳоли аввалига бузилган уйлар учун шунча пул олишига ишонмаган, кейин эса ҳаммаси ўз ўрнига тушган: «Уй эгаларининг ҳар бири ўртача 200 миллион сўмдан олди. Нарх-наво масаласида тортишганимиз ҳам йўқ. Ҳаммани рози қилдик. Уйи бузилганлар вақтинча ижарага жойлаштирилган. Оҳангаронда ижара нархи бир ойга 200-300 минг, ҳаммасига бу учун олдиндан пул берилди, ҳеч ким норози бўлгани йўқ».

Фото: «Xabar.uz»

Оҳангаронда прописка бекор қилинди (ми?)

Оҳангарон шаҳри ҳокими Одилжон Жўраев журналистлар билан суҳбатда айтдики, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 июлдаги 555-сон фармойишига асосан А-373 автомагистрал йўли бўйида намунали лойиҳалар асосида қурилаётган 24 та 5 қаватли тижорат уйлари фақат Тошкент вилояти аҳолиси учун эмас, балки мамлакатнинг исталган ҳудудидан келган киши ҳам бемалол харид қилиши мумкин. Одилжон Жўраевнинг айтишича, ушбу уйлардан сотиб олаётган вилоятликлар прописка билан боғлиқ муаммога дуч келмайди — истисно тариқасида рухсат этилган.

Фото: «Xabar.uz»

Қурилаётган 5 қаватли мазкур уйларнинг 1-қавати маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси, 2-5-қавати турар-жой ҳисобланади. Улар 2 ва 3 хонадан иборат. Уйларнинг ташқи, яъни фасад қисми буюртмачиларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда, бир хилликдан қочиб, якка тартибда катта йўлнинг меъморий кўринишини комплекс равишда ҳисобга олиб, бир-бирини такрорламайдиган қилиб ишлаб чиқилган.

Фото: «Xabar.uz»

Хонадонлар ва савдо нуқталари харидорларнинг имкониятлари ва хоҳишига кўра, тўлиқ таъмирланган ёки таъмирланмаган ҳолда топширилишиҳам мумкин. Масалан, харидор таъмирланмаган хонадонни ёки савдо дўконини сотиб олса, имконияти, диди, реал эҳтиёжи ва бошқа жиҳатлардан келиб чиқиб, ўзи мослаштириши мумкин. Бундай тажрибадан дунёнинг етакчи мамлакатларида кенг фойдаланилади ва бу амалиёт ҳар томонлама ўзини оқлаган.

Бир сўз билан айтганда...

Оҳангарон шаҳрида қурилаётган янги массив аҳолиси учун қатор қулайликлар ҳам яратилмоқда. Жумладан, уйларнинг теварагида мактабгача таълим муассасаси, спорт мажмуаси, маҳалла гузари, пиёдалар ва велосипед йўлакчаси, дам олиш жойлари, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этилмоқда. Муҳими, шаҳарнинг меъморий қиёфаси тубдан ўзгармоқда. Бу ўзгаришлар чиройи шаҳар аҳолисининг кайфиятида ҳам ўз аксини топмоқда.

Фото: «Xabar.uz»

Қурилаётган уйларда яшовчи аҳоли ва бошқа объектларни ичимлик суви билан таъминлаш ишларига 16,6 млрд. сўм, газлаштириш ишларига 1 млрд. 468 млн. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Медиа-тур доирасида Оҳангарон туманининг Бош режаси асосида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш, жумладан, ичимлик суви, электр энергияси ва табиий газ таъминоти, йўл, алоқа ва бошқа инфратузилмаларни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг