Миллий гвардия Туркия жандармерияси билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилади
Туркия жандармерияси бош қўмондонининг биринчи ўринбосари, армия генерали Али Чардакчи бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Меҳмонлар Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраев билан учрашди.
Суҳбат давомида томонлар ўзаро фикр алмашиб, икки томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ҳамда яқин истиқболдаги амалий режаларни муҳокама қилди. Туркия жандармерияси ва Миллий гвардия ўртасида кадрлар тайёрлаш, қўшма амалий тадбирлар, семинар ва тренинглар ташкил этиш соҳасидаги ҳамкорлик муҳим экани таъкидланди.
Миллий гвардия матбуот хизмати хабарига кўра, Туркия делегацияси “Темурбеклар мактаби”, Тошкент ҳарбий-академик лицейи фаолияти билан танишди. Шунингдек, Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси, Бухоро вилояти қўриқлаш бошқармаси ҳамда Миллий гвардия кавалерия эскадронида бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 3 ноябрь куни Туркия жандармерияси бош қўмондони, армия генерали Ориф Четин юртимизда меҳмон бўлган ҳамда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ва Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраев билан музокаралар ўтказган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter