«...Мени «заказной» мақола ёзишда айбламоққа шошманг!»
Мен сиёсат одами эмасман. Яъни сиёсий технологиялар қандай бўлишини ўқимаганман, ўрганмаганман. Аммо қуйидагича сиёсий чақириқларнинг вақти аллақачон ўтганини англайман. Ўттиз йил қандай таназзулга кетган бўлсак, сиёсий мухолифатимиз ҳам шундай инқирозга учраган. У воқелик заминидан узилиб, хаёлот оламига аллақачон ғарқ бўлган.
Озгина фикр билдираман. Мулоҳазаларимни савол шаклида қўяман: кўчага чиқиш нечоғли тўғри? Катта муаммоси машина ойнасини қорайтириш деб биладиган жамиятни қўзғаш имкони борми? Ва қўзғалган оломон асл ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қатъиятлими?
Умуман, у асл ҳақ-ҳуқуқларини биладими?
Бошқача айтганда, сиз чақираётган нарсаларнинг моҳиятини англайдими?
Мана шу савиядаги халқни кўчага чиқариш не қадар масъулиятли эканини англайсизми?
Худо кўрсатмасин, агар қон тўкилса, бунинг хатарини зиммангизга ола биласизми?
Энди бошқа томондан қарасак. Демократия ўзи нима? У халқимиз табиати ва менталитети билан уйғунми? Ҳозирги пайтдаги инсоният ўйлаб топган энг афзал низом сифатида у бизнинг заминда униб-ўса оладими? Ислом шариатига у не қадар мувофиқ ва буни анъанадор жамиятимиз қандай қабул қилади? Аввало халқнинг сиёсий онги оширилмайдими? Ҳақ-ҳуқуқлари танитилмайдими? Шундан кейин ҳам унинг кайфияти, қизиқиши ва орзуси нима экани ўрганилмайдими? Сайловлар ва уларнинг миллат келажагидаги ўрни тушунтирилмайдими? Агар сохтакорлик бўлаётган бўлса, улар ҳақида аниқ хабар бериб, бунинг ёмон оқибатлари ҳақида мулоҳазалар ёзилмайдими?
Ўтмиш мухолифатига ҳали бундан ҳам кўп саволларим бор. Аммо ҳозирча шу саволлар билан кифояланиб, фойдали деб билганим маслаҳатларга ўтсам.
Мен тўқсонинчи йиллар мухолифатига қуйидагиларни маслаҳат берган бўлардим: ўша давр сиёсий жараёнлари, ундаги иштирокингиз ва сабоқларингиз ҳақида мемуарлар ёзинг. Ўзингиз афзал деб билган низом ҳақида, унинг ютуқлари ва камчиликлари хусусида ўз тажрибангиздан келиб чиққан хулосаларингизни тақдим қилинг. Халқимиз руҳияти ва табиатини ўрганинг (ахир сиз қатнашган сиёсий жараёнлардаги мағлубиятлар асосан шу жиҳатларни ҳисобга олмасликдан келди-ку). Ҳукуматни танқид қилишингизда холислик, аниқлик ва чуқур таҳлил бўлсин. Энг асосийси, муқобил ва татбиқ этишга қобил таклифларингизни беринг. Асло қуруқ, оғиз йиртар, масъулиятсиз ва таҳликали чақириқларга ўч бўлманг (қарорларга демадим, чунки мухолафат ўлароқ қарор қабул қиладиган даражага ҳеч қачон чиқмагансиз).
Мубашшир Аҳмад, исломшунос
P.S: Мени «заказной» мақола ёзишда айблашга шошманг. Мен ҳеч қачон бундай мақола ёзмаганман ва ёзишга боис бўладиган мансаб ва обрўга ҳам қизиқмаганман. Диний идорада ишлаган олти ойим мобайнида бу жой менинг жойим эмаслигини бошданоқ билиб, охиригача кетишга ҳаракат қилганман. Ҳозиргача ўзим раҳбарлик қиладиган ташкилотда иш столим бўлиши у ёқда турсин, бир дона курсим ҳам йўқ. Ўзимга ярашмаган бунчалик тафсилотга киришишим сабаби, айтган сўзларим қолиб, шахсиятимга ўтиб кетиш оддий ҳол бўлиб қолганидир.
Манба: azon.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter