Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига президент совғалари топширилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 19 февраль куни Наманган шаҳридаги 26-сонли «Меҳрибонлик уйи»да бўлгани ҳақида хабар бергандик.
Давлат раҳбарининг ташрифи бу масканда камол топаётган болалар қалбидан чуқур жой олиб, келажакка умид, ишонч берди. Боиси, президент унутилмас учрашувда меҳрибонлик тарбияланувчиларининг талаб ва истакларини сўраб, ўрганди.
ЎзАнинг хабарига кўра, 60 нафар ўғил-қиз вояга етаётган ушбу муассаса ташрифнинг эртасига Республика вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан гавжум бўлди. Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуранбоев, Маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Меҳрибонлик уйида бўлди.
Президент топшириғи билан Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари грант асосида ОТМда ўқийдиган бўлди.
«Фарзандларимиз юртимизда ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди. Улар давлат раҳбариятининг доимий ғамхўрлигида бўлади. Президентимиз кўрсатмаларига биноан бу йил «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиларидан 44 нафари учун янги уй-жойлар қуриб берилади», — деди Шавкат Абдураззоқов.
Тантанали тадбирда давлатимиз раҳбарининг ташрифи давомида билдирилган таклиф ва орзу-истаклар рўёби сифатида болажонларга ноутбук, планшет, уяли телефон, магнитафон, мусиқий чолғу асбобларидан иборат Президент совғалари топширилди.
Президент топшириғи билан Меҳрибонлик уйининг 44 нафар тарбияланувчиси учун янги уй-жой қуриб берилади.
«Юртбошимизни Меҳрибонлик масканига келишларини кутмаган эдик. Ташриф, айниқса, болажонлар учун катта совға бўлди. Уларнинг қанчалик қувонганларини айтмайсизми? Президентимиз болалар билан учрашувда ҳар бир боланинг хоҳиш-истагига мос совғалар юборишини айтганди. Орадан бир кун ҳам ўтмай айтилган совғалар тақдим этилди. Тасвирий санъатга ошуфта икки нафар тарбияланувчимиз — Шоира Машрабова ва Муҳаммадюсуф Тўхтасиновни олий ўқув юртига давлат гранти асосида қабул қилиниши ҳақидаги хушхабар барчамизга шодлик улашди», — дейди Наманган шаҳридаги 26-сонли «Меҳрибонлик уйи» директори Дилором Абдураҳимова.
Фотосуратлар манбаси: ЎзА
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter