Марғилонда «Отабек ва Кумуш уйи» қурилади. Ҳоким ваъда берди
Марғилон шаҳри номи «яшил макон», «кўкаламзор» деган маъноларни беради. Бу ўлканинг тарихи милоддан аввалги 4-3 асрларга бориб тақалади. Айнан ўша даврга оид деҳқончилик маданияти белгилари Марғилон заминидан топилган.
Марғилоннинг бугунги Ўзбекистон иқтисодидаги ўрни ҳам жуда катта. Бугун шаҳар ҳокими Адҳам Зиёвутдинов 2020 йилда амалга оширилган ишлар якуни ва 2021 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича бўйича мурожаат билан чиқиш қилди. Тадбир якунида депутатлар ва журналистлар билан мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқот давомида таълим, иқтисод, туризм ва бошқа масалалар бўйича саволларга жавоб берилди.
— 7 йил олдин вилоятнинг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев томонидан алоҳида гуруҳ ташкил этилиб, айнан Марғилонда мактаб битирувчиларининг олийгоҳларга кириш масаласи ўрганилган эди. Айтиш жоиз, Марғилонда бекорчи ёшлар деярли йўқ. Бошқа ҳудудлардаги сингари тўпланиб, бекорга вақт ўтказмайди. Мактабни битирдими, бирор ҳунармандга шогирд бўлиб, ҳунар ўрганади. Шу сабабли ОТМларга кириш даражаси паст. Беш йил олдин бу кўрсаткич 7 фоиз эди, энди 10 фоизга кўтарилди. Ўсиш бор, аммо кутилганидек эмас. Мана шу масалага Марғилоннинг спецификасидан келиб чиқиб жавоб бера оласизми? Шаҳарда асосий эътибор ҳунарга берилгани учун шундай бўляптими?
— Дарҳақиқат Марғилонда 33 та умумтаълим мактаби ва битта иқтидорли болалар мактаби бўлса, шундан фақат 275 нафар битирувчи ОТМга кирган. Биз ушбу масалани мактаб директорлари ва мутасаддилар билан муҳокама қилдик. Ҳатто халқ таълими бошқармаси раҳбарини лавозимдан олиш масаласи кўрилди. Мутахассислардан фикр олдик, нима қилиш керак, деган саволга жавоб изладик. Айтиш жоиз, олийгоҳларга кириш даражасини ошириш учун ўнта мактабда махсус курс очилмоқда. Эҳтиёжманд оилалар фарзандлари репетиторга берилмоқда ва уларнинг пули Ёшлар иттифоқи томонидан тўлаб берилади.
Гап шундаки, мактабларда 6-7 синфдан сўнг давомат камая бошлайди. Чунки аксарият болалар ҳунар ўрганишни бошлайди, деярли ҳар икки оиланинг бири тадбиркор ҳисобланади. Кимдир оёқ кийим учун пошна тайёрлайди, кимдир тепа қисмини тикади, бошқаси сотиш билан шуғулланади. Бу бўйича ота-оналар билан ишлаяпмиз, суҳбат олиб боряпмиз. Таълим муҳим эканини тушунтириб, анкета маълумотларини тўлдиряпмиз. Ўйлайманки, натижа бўлади.
— Марғилондан машҳур санъаткорлар кўп чиққан. Аммо уларнинг уй музейлари йўқ. Масалан, шаҳримизга келган меҳмонлар Тамарахоним туғилган уйни сўраб қолишса, кўрсата олмаймиз. Бу борада нима дея оласиз?
— Саволингиз жуда ўринли. Шахсан ўзим билан ҳам шунақа ҳолат бўлди. Куни кеча Тошкентдан келган меҳмонлар биздан Кумуш ва Отабек яшаган уйни кўрсатишни сўрашди. Аммо тумандаги тўртта сектор раҳбарлари ҳам бу саволга жавоб бера олмади. Бу бўйича иш олиб бориляпти. Яқинда «Дунё» меҳмонхонаси қурилди. Ўша меҳмонхонанинг ёнидан рамзий тарзда Мирзакарим қутидорнинг уйини қуриш иши бошланган. Шу билан бирга Марғилондан чиққан таниқли санъаткорларни тарғиб қилиш ишларини ҳам олиб борамиз.
— Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар»ни ёзишдан олдин бир йил Марғилонда яшаб, материал тўплаган экан. Ўша Қодирий яшаган уйни топиб, музей қилсак бўлмайдими?
— Таклифингиз инобатга олинади.
— Марғилонда ички туризм ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қандай ишлар қилиняпти? Ҳар ҳолда шаҳар бу бўйича улкан потенциалга эга...
— Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев туризмни ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди. Марғилонда туризни ривожлантириш учун катта имкониятлар бор. Аввал шаҳарда иккитагина меҳмонхона бор эди, энди 9 та бўлган. Кейинги йилларда атлас фестивали ўтказилди, Буюк ипак йўли фольклор фестивали ўтказилди. Пандемия туфайли тўхтаб қолган бўлсада, атлас фестивалини келаси йил бешинчи марта ўтказишни режалаштирганмиз. Шаҳримизда 41 та маданий мерос объектлари мавжуд. Президент топшириғига кўра воҳадан водийга келаётган меҳмонлар сонини таҳлил қилиш ва сайёҳлик агентликлари билан ҳамкорликда 5 кунлик саёҳат пакети ташкил этишни режалаштирганмиз. Сайёҳлар воҳадан олиб келиниб, яна қайтариб олиб бориб қўйилади. Турпакет нархи ҳам катта эмас.
Марғилонда Узунҳовуз деган тарихий жой бор. Шу ерда 50 сотих майдонда жойлашган эски маҳалла бор. Ҳар қанча снослар ва янги қурилишлар бўлса ҳам мана шу маҳаллани бузишга бермадик. Отабек ва Кумушнинг уйини айнан шу ердан қуришни ният қилганмиз. Бу бўйича маршрут ҳам тузилган, лойсувоқли уйлардан иборат эски маҳалла ташкил этишни ҳам мақсад қилганмиз. Афсуски иш кўпайиб кетиб, ташаббус сал тўхтаб қолди. Аммо лойиҳадан буткул воз кечганимиз йўқ, 2021 йилда шу ишни амалга оширамиз. Бунинг учун вилоят ҳокимлигидан ҳам ёрдам берилади.
«Ўтган кунлар»ни ўқиган одам борки, албатта Марғилонни кўришни истайди. Бутун Ўзбекистондан меҳмонлар келади.
Зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ҳам катта режалар бор. Ислом оламида катта обрўга эга бўлган Бурхониддин Марғилоний айнан шу ерда таълим олган. У ўқиган чиллахона ҳамон мавжуд. Икки йил олдин Туркиядан юқори мансабли мутасадди меҳмон бўлиб келганда ўша чиллахонага олиб борган эдик. У тиловат қилиб, Марғилоний бобомизга бағишлади ва Туркияга борганда, бу ер ҳақида албатта сўзлаб беришини айтган эди.
Марғилонда зиёратго жойлар жуда кўп, дарҳақиқат уларга эътибор қаратиш шарт. Биз бу жойларимизни тарғиб қилиб, туризмни ривожлантиришга эътибор қаратишимиз керак.
Тадбир якунида Марғилон шаҳар халқ депутатлари кенгаши томонидан коммунал хизматлар ҳисоботини эшитиш бўйича таклиф берилди.
Унга кўра республика ва маҳаллий бюджетдан коммунал хизматларни ривожлантириш учун ажратилаётган маблағлар қай даражада мақсадли сарфланаётгани бўйича ҳисобот берилиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди. Электр, газ ва ичимлик суви таъминоти бўйича учраётган муаммолар бўйича тушунтириш берилиши сўралди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter