Мамадали Маҳмудов: «Тақдир экан, 17 йил «ўтирдим». Ўша жойда ҳам 3 та роман ёздим» (видео)
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги «Гурунг» суҳбатлар туркуми доирасида Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) билан суҳбатни эълон қилди.
«Адабиёт умримнинг мазмуни, — дейди суҳбатда Мамадали Маҳмудов. — Мен онамнинг қўлида тарбия топганман. Отам урушда вафот этган. Бобом Аҳмад оқсоқол Боғдон қишлоғи (Жиззах вилоятида) оқсоқоли бўлган. Отам тоғбегиси эди. Ишдан қочиб қояларда, дарахтлар устида китоб ўқирдим. Шу даражада китобга берилиб кетгандим. Келажакда ўз миллатим ҳаёти, тақдири, тарихи ҳақида китоб ёзаман, деб ўйлардим
«Бугунги кунда ўзбек адабиёти ҳақида бир нарса дейишим қийин, лекин бизнинг адабиётимизда Байрон, Гёте, Шекспирдан қолишмайдиган ижодкорларимиз бор, — давом эттиради у. — Масалан, Чўлпон, Шекспир кўп тарғиб этилаверганидан, дунё тилларига таржима қилинаверганидан, назаримизда илоҳийлашиб кетган. Чўлпон, Абдулла Орипов, Фитрат, Одил Ёқубовнинг асарларини таржима қилиш керак. Ҳозирги баъзи ёзувчиларимиз, буюк ёзувчиларимиз туриб, ўз асарларини тиқиштириб таржима қилдиради. Чет элдагилар ўзбек адабиёти шундай эканда, деб ўйлайди, тасаввур қилади. Аслида энг яхши ёзувчи ва шоирларнинг асарларини таржима қилиш керак. Менинг «Ўлмас қоялар» романим 1981 йилда Германия Федератив Республикасида чиққан, сўнг Туркияда чоп этилган. 2008 йилда француз тилида Парижда, 2013 йилда Лондонда чоп этилди Яна бир қанча асарларим ўзимга етиб келгани йўқ. Эврил Турон сифатида китобларим, эсселарим бутун дунёда чоп этилаяпти. Америка, Англия, Канада, Норвегия, хуллас бутун дунёда».
Журналистнинг «Ижодкорга йўллар очилди. Эркинликлар берилди», — деган саволига ёзувчи шундай жавоб қайтарди:
— Мен ҳам, дўстларим ҳам кўп таклиф қилганмиз, лекин ҳамма эшиклар берк эди. Мана орадан 27 йил ўтиб, битта хабарим Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида чиқди. Шу муддат ичида иккинчи марта мени таклиф қилаяпсизлар. Ҳамма китобларим Ватан, миллат учун ёзилган. Бошқа нарса мени қизиқтирмайди. Шунга қарамай мен 17 йил «ўтириб» чиқдим. Тўғри, ҳақиқатнинг тикланиши жуда қийин кечар экан. Ҳаёт ўзи шундай қурилганки, ёлғон билан чин орасида доим кураш кетади. Мана 27 йил кечроқ, Тангрини, яна айрим дўстларимизнинг қўллови билан сизларга интервью бераяпман.
... Тақдир экан, 17 йил «ўтирдим». Бу бир томондан менга синов бўлди. Иродамни синаб кўрдим. Ўша жойда ҳам 3 та роман ёздим. Ишқилиб иложини қилдим. «Бўз бўри» деган роман ёздим. Араблар босқини ҳақида. «Ойгул», «Ой нури» деган романлар ёздим. Бу ҳаммаси янгича талқинда эди. Бутун мустақиллик ҳақида ёзаяпман. Шунинг учун агар йўллар очилса, босмадан чиқса кўпчилик ўқийди. Чунки ҳозир чет элларда нашр этилганини ўқишаяпти, хатлар ёзишади, қўнғироқлар бўлади. Уларга асарларимни электрон почтада юбораман.
Суҳбатнинг тўлиқ варианти қуйидаги видеода:
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter