«Кунига ўнлаб одамлар очликдан ўларди» — уруш даври машаққатларини кўрган отахон
Таҳририят эшигининг секин чертилишидан ҳаммамиз сергак тортдик.
«Мумкинми, ассалому алайкум!»- ёши тўқсонларга яқинлашган нуроний чеҳра отахоннинг биз, ёшлардан аввал салом бериб киришидан ўнғайсизланиб, дарҳол ҳаммамиз ўрнимиздан турдик.
«Ассалому алайкум, отахон, марҳамат, келинг», — саломлашишга қўлларимизни чўзган кўйи отахонга яқинлашдик. Кафтининг тафтидан меҳр, илиқлик туйдик.
Отахон дуога қўл очиб:
«Биз урушнинг қийинчиликларини кўрдик, сизлар асло кўрманг!»—дея кафтларини юзига тортди. Биз ҳам қўшилишдик.
«Болам, бир жўрналист бола мени йўқлаб борганди. Анча бўлди. Узоқ-узоқ суҳбатда бўлгандик, бошимдан ўтганларни, кўрган-кечирганларимни сўзлагандим ўшанда. Аммо, қайси газет ёки ҳозир телегром каналми нима дейишаркин, унисидан хабарим йўқ... »
«Ҳечқиси йўқ, отахон. Аммо бу мавзу биз учун ҳам қизиқ... »
Ўзини Зиёдулло Тиллаев, деб таништирган отахон худди ёш боладек хурсанд бўлди. Нурсиз, хира тортган кўзларидан «милтиллаб» ёш оқди:
«1934 йилда Бухоро туманидаги «Пошшойи» қишлоғида туғилганман. «Уруш бошланди» дейишганда, эндигина етти ёшга тўлгандим. Ўша кезларда ёғоч «от»да қўлими зга ёғоч «қилич» тутиб, қўшни болалар билан «уруш-уруш» ўйнаб, катта бўлганимиз учунми, «уруш шу бўлса керак», — деб ўйлаганман. Ва «Мен бораман урушга!»— деб ёғоч отимда сакраб-сакраб югурганман. Номи ўчсин экан, урушнинг! Бу уруш биз ёғоч от суриб югурган урушмас, қонли экан. Бу уруш биз кулча нон тишлаб, «Уреее!»—дея ўмбалоқ ошган урушмас, очарчилик, қаҳатчилик, қийинчилик экан. Бу уруш «Менинг отам бор, онам, акам бор — зўрман» деган урушмас, айролиқ ва жудолик экан...
Бир куни қишлоғимизни ҳарбийча кийинган отлиқ аскарлар босиб кетди. Чанг-тўзон осмонга кўтарилган, қий-чув, дод-фарёд... Сабаби қишлоғимизнинг йигитларию эркакларини урушга олиб кетишаётган экан. Улар орасида отам Сайфулло Тиллаев ҳам бор эди. Отам ўшанда мени қўлларига даст кўтариб:
«Онангни ҳеч қачон ёлғиз қолдирма, шўхликни ташла энди, той. Бугундан бошлаб, сен оила бошлиғисан, уқдингми?! Сенга ишонайми?!»—деди.
«Ҳа, ота, менга ишонинг, ҳали келсангиз кўрасиз, мен катта оила бошлиғи бўлган бўламан!»-дедим кулиб, тушуниб-тушунмай. Онам Орзугул опа эса кўзларида ҳалқа-ҳалқа ёш билан отамни урушга кузатди.
...Мен отам айтганидек катта бўлишга, оила бошлиғи бўлишга ҳаракат қилардим. Онамнинг қийналиб, бир бурда нон учун узук-кун далаларда оғир меҳнатлар қилишини кўриб, ўзимда эса ҳали кетмон кўтаришга куч йўқлигидан қийналиб, чекка-чеккаларга бориб йиғлардим. Аммо кучим етмаса ҳам нимадир ишни уддалаш учун тинмасдим. Онамнинг эркалаб: «Ўзимнинг суянчиғим, тоғим, ортимда қоларим» деганида қийинчиликларни, очликларни унутиб, янаям ишлашга тоб берардим.
Шундай кунларнинг бирида эти суягига ёпишиб кетган онам бетоб бўлиб қолди. Томоғидан зўрға сув ўтади. Қишлоқдаги хотин-халажлар онам атрофида.
«Қишлоғимиздаги Чошбобони биласан-а, болам?»—сўради онам.
«Ҳа, онажон, Ёқуб отами, жуда яхши бой бобо, менга бугун бир бурда нон бердилар «Онангга бер!»—деб. Сиз эса емадиз... кейин, кейин, ўзим еб қўйдим»,—дедим мунғайиб.
«Бундан кейин шу Чошбобоникида яшайсан. У кишининг хотини Моможон бувини ҳам қийнаб қўймайсан, хўпми?»
«Хўш, онажон, иккимиз ҳам Чошбобоникида яшаймизми?»—юрагим титраб кетди, негадир.
«Ҳм-м»,—деди онам зўрға...
Менинг қорнимни маза қилиб тўйғазиш, ширинлик ва қовун-тарвуз бериш учун Чошбобоникига олиб кетишди. Чошбобо билан Моможон буви мени бағир очиб кутиб олдилар... Аммо шу кўйи онамни кўрмадим. Ўша куни менга шунча кўп ширинлик ва мева-чевалар беришганининг сабабини орадан бир неча кун ўтгач, англаб етдим.
Отахон кўзойнагини олиб, чуқур «уҳ» тортди. Ўртага сукут чўкди.
«Чошбобонинг бир ўғли бор эди. Мен билан икки ўғли бўлди. Ўша кезларда ҳеч ким у бировни боласи, бировни арзандаси, деб хўрламасди. Меҳр-оқибат, диёнат зиёда экан-да, она қизим, —сўзида давом этди отахон,— ўғлига нима берса, менга илинарди, нима кийса, менга ҳам кийдирарди. Ака-ука бирга-биргаликда ерни қўшҳўкизда ҳайдардик, далага чиқиб, ўт терардик, чопик қилардик, хуллас, нима иш бор бажарардик. Ахир, қишлоқнинг юки биз болалар ва аёллар зиммасига қолганди-да...
1943-1944-йилларда тамоман очарчилик бошланди. Саховатпеша Чошбобо ҳам бизнинг қаторда қишлоқнинг етим-есир болаларини боқавериб, анча орқа кетиб қолди. Иссиқ кунларда мева-чева, ўту илдизлардан қорин ғамласак, қишнинг совуғида ер остларини ковлаб, ўлган мол-ҳолларнинг суякларини излардик. Момомиз улардан шўрва қайнатиб, мевалар қоқию, қуритилган гулларни қўшиб, ичирарди...»—хўрсиниб сўзлади отахон.
Худди шу топда кўзларимиздан тўкилган шашқатор ёшлар юзларимизни ювди. Бугун косамиз остига ейилмай чала қолган овқатларни ҳеч иккиланишларсиз ахлат челакка бўшатаётганимизни, ҳали қотиб-қотмаган нонларни ахлат қутилар ёнига қолдириб кетаётганимизни ўйлаб, виждонимиз куйингандек бўлди. Яна беихтиёр ҳаёт йўлини сўзлаётган отахонни жон қулоқларимиз билан тинглашга тушдик.
«Кўп ўтмай, ҳаммаёқ бит ва канага тўлиб кетди. Бу ҳам етмагандек, одамлар безгак касаллигига чалинди. Ҳар куни камида бир қишлоқда ўн-ўн бешта ўлим юз берарди. Аста-секин кўча-кўйлар мурдалар билан тўла бошлади. Мозорларда жой қолмади. Охир-оқибат отлиғ аскарлар тун қоронғусида мурдаларни қишлоқдан нарига олиб чиқиб кетишарди. Қаерга олиб кетишгани эса бизга қоронғу эди...
Орадан йиллар ўтди. Уруш тугаб, кимлар қайтди, кимлар қайтмади. Мен ҳам улғайиб, катта бўлдим. Бир қиз, икки ўғилни вояга етказдим. Ўғилларимнинг бири етук санъаткор, бири қурилиш соҳасида ишлайди. Қизим оила бекаси. Йигирмага яқин невараю-эваралар қуршовидаман. Шукурким, битта катта оила бошлиғиман. Ҳар сафар шукроналик билан оилам бағрида ўтирар эканман, урушга кетаётган отамга: «Ҳа, ота, менга ишонинг, ҳали келсангиз кўрасиз, мен катта оила бошлиғи бўлган бўламан!»—деган гапимни ёдлайман. Онаизоримнинг очликдан бевақт хазон бўлганини хотирлаб, ҳали-ҳануз ёш боладек йиғлайман. У кунлар хотиридан аччиқ-аччиқ изтиробларга тўламан. Шу кунларга шукроналар келтираман. Борликларингга, бойликларингга кўз тегмасин, болаларим. Уруш нималигини бизлар кўрдик, сизлар асло кўрманглар»,—дея такрор-такрор сўзлашдан чарчамайдиган отахонга сиҳат-саломатлик, яна кўп йиллар яшаш саодати насиб этишини сўрадик.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter