Комил Алламжонов ЛГБТ ҳақида: Аслида, бунақа гаплар одам эшитганда сесканадиган...
Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида рўй берган ҳолатлар бўйича турли хабарлар тарқалганди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов бунга ўз муносабатини билдирди.
«Хорижий ташкилотлар Ўзбекистон ёки бошқа ҳар қандай давлатга бирор талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти, урф-одатларини инобатга олиши керак.
Албатта, инсон ҳуқуқлари муҳим масала ва ҳар бир фуқаро юриш-туришидан қатьи назар, давлат ҳимоясида бўлади. Лекин асосий қисмини мусулмонлар ташкил этган бизнинг юртда ғайритабиий эркак ва аёлларни жамият қабул қилмайди! Муқаддас Ислом динимиз, маданиятимиз бунга йўл қўймайди.
Мана, Бозоров мисолини олайлик, ўйлаб-ўйламай гапиришнинг ўзи қандай оқибатларга олиб келди?!
Аслида, бизники каби давлатларда бесоқолбозликка қарши қонунлар енгиллаштирилса ҳам, жамият буни қабул қилмайди ва бу қуруқ қоғозда қолиб кетаверади. Чунки, жазо бекор қилиниб, бундай тоифалар бемалол кўча-кўйда ўзини кўрсата бошласа, «самосуд»лар кўпайиб кетиши мумкин. Расмий жазо белгиланмаган тақдирда ҳам, мусулмонлардан иборат жамият уларни барибир қўймайди. Ўз-ўзидан кичик бетартибликлар катта муаммоларни келтириб чиқаради.
Шунинг ўзи — ҳамма саволга жавоб бўлиши керак!
Ўрни келганда, барча оммавий ахборот воситалари, блогерларни ЛГБТ мавзусини тинимсиз ёритишни тўхтатишга чақираман. Бу масаланинг ҳадеб муҳокама қилиниши одамларнинг этини ўлдиради. Ўта ёқимсиз мавзуни оддий ҳолдек қабул қила бошлаймиз, бу кетишда. Аслида, бунақа гаплар одам эшитганда сесканадиган даражада кам қулоққа чалиниши керак.
Оммавий муҳокама кимларнингдир (айниқса, руҳияти тўлиқ шаклланмаган ўсмир-ёшларнинг) беихтиёр қизиқишини оширади. Натижада, ушбу ярамас ҳолат жамият онгига киши билмас сингдирилади. Ақлни ишлатайлик, провокацияларга берилмайлик.
Демократия сўзининг туб маъноси — халқ ҳокимияти, дегани. Модомики, халқнинг асосий қисми нимагадир қарши экан, демак, унинг хоҳиш-танловини инобатга олиш шарт, ана шу — демократия!
Куни-кеча бўлиб ўтган воқеаларнинг сабабчилари — блогерлар фаолиятига АОКА қонуний баҳо бериши ва қонунни бузган барчага жазо қўлланилиши зарур.
Мен ҳар қандай ноқонуний намойишлар ҳамда безориликни кескин қоралайман», — деди Комил Алламжонов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter