Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Когонлик таксичи аёл: «Аёлнинг ўрни фақат ошхонада эмас...»

Когонлик таксичи аёл: «Аёлнинг ўрни фақат ошхонада эмас...»

Фото: «Xabar.uz»

Ия, биз, аёлларнинг нима камимиз бор. Зўр таксистман, деган эркак ҳайдовчи ҳам йўл қоидасини бузган. Мен эса йўқ. Мақтаниб қўяй, – деди кулиб, суҳбатдошимиз бўлган «таксист» аёл.

Суҳбатдошимизнинг бу гапидан кейин менда унинг ҳаётини ўрганиш ва нега айнан ҳайдовчилик қилаётгани қизиқиш уйғотди. Телефон рақамини олдим. Вақт топиб қўнғироқлашдик. Гулистон Шарипованинг ёши 41 да, касби ҳайдовчилик, яъни киракашлик. Суҳбатимиз узоқ давом этди. Унинг қиёфасида соддадил, самимий ва очиқкўнгил аёлни кўрдим:

– Болалигим жуда завқли ўтган. Кенжатой фарзанд бўлганим учунми, ҳалигача онамнинг оёқларига бош қўйиб, эркаланиб тураман. Уч акам ва опам буни кўриб, онамни мендан қизғанишни бошлашади. Онам менга отамдан мерос қолган. Ҳар гал 80 ёшли онажонимнинг кўзларига қараганимда, ўзимда кучни ҳис қиламан, уларнинг дуолари йўлларда асрайди мени. Спортчи бўлишни орзу қилганман. Республика чемпионатларида ҳам иштирок этганман. Отамдан рухсат олиш мушкул вазифадек эди. Чунки отам раҳматли жуда меҳнаткаш бўлган ва бизни доим масъулиятли бўлишга ундаб келган. Мусобақага кетар чоғимда бир кун олдин ҳамма ишларни  бажарардим. Сигирлар емини тайёрлаб, қўйларга ўт ва товуқларга дон ташлаб кетар эдим.

Ҳар гал уйдан чиқаётганимда, келажакда юртимга ва халқимга фойдам тегсин, деб ният қилганман. Қолаверса, ўқитувчиликка ҳам меҳрим бўлган. Шукурки, орзуим ушалиб, волейбол бўйича мураббийлик ҳам қилдим.

– Осон ишнинг ўзи йўқ. Ҳавонинг иссиқ-совуғига қарамай, машина ҳайдаш кишини толиқтиради. Уйнинг юмушлари ҳам сизнинг бўйнингизда.

 – Ҳайдовчилик туфайли аёллик вазифаларимни ҳам унутиб қўйганим йўқ. Ёз ойи бўлгани учун саҳар уйғониб, қоқ пешингача ишлайман, намозгар яна ишлашда давом этаман. Бу орада онажонимга қарашга, уй ишларини бажаришга вақт ажратаман. Когон шаҳридан олган бир хонали уйимда онам билан гўзал ҳаёт кечиряпмиз.

– Ҳар қандай кучли инсон умрида, гўзал ҳаёти ортида армон ҳам бўлади. Сизнинг қандай армонингиз бор?

– Доим онамни хурсанд қилишга ҳаракат қиламан. Кўнгилларига қарайман, истаган жойларига олиб бораман. Отам ҳаёт пайтларида бугунгидек имконим бўлмаган, армоним ҳам шу. Отамни машинамнинг олдига ўтказиб, истаган жойларида айлантириб келолмаганим, ушалмас орзу бўлиб қолди.

– Киракашликни энг муҳтожлик пайтингизда бошланган экансиз...

– Мураббий сифатида ишлаб юрган кезларим жуда кам маош олардим. Ойда-ойга зўрға етказардим. Бир куни шароитсизликдан кунибўйи нон емабман, қўлимда 20 минг сўм пулим қолган ва шуни кейинги ойликкача етказишни ўйлардим. Ўйланиб турдим-да, худога таваккал, дея шу пулга машинамга газ қўйдирдим. Бошида ноқулайлик сездим, лекин, қарасам, ўша кун кечгача 100 минг сўм топибман. Хурсандчиликдан уйимга бозорлик қилдим-да, онамнинг олдиларига югурдим. Шу тариқа ҳайдовчиликни йўлга қўйдим.

– Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, турли феъл-атворли йўловчилар машинангизга чиқса керак. Шунда улар билан қандай мулоқот қиласиз?

– Меҳнатнинг айби йўқ, дейдилар. Ҳалол меҳнат ортидан кун кечиряпман. Атрофимдаги гап-сўзларга парво қилмайман. “Аёл кишига ярашмайди, аёлнинг ўрни фақат ошхонада” дейдиганлар хато ўйлашади. Бундай эмас! Бу каби фикрларга умуман қўшилмайман. Ахир, бизни бировдан камимиз йўқ. Мижозларимга чиройли муомалада бўламан ва шунга яраша улар ҳам яхши муносабат қилишади. Ўзимга ишонаман ва ўзимни кучли аёлман, деб ҳисоблайман. Бу менга куч беради.

Ҳар қандай оғир ва муаммоли вазиятда жасорат «тугмасини» ёқиб қўйиш керак. Ҳаётда оёққа туролмаётган аёлларга ҳам шуни маслаҳат берардим, жасорат ва матонат билан: «Мен кучлиман, мен бошқалар қатори яхши яшашга лойиқман!”, деб ўз-ўзига ишлашга иштиёқ бериши зарур. Зеро, ҳар қандай майдаликларга эътибор қаратиш – бир қадам ортга чекинишдир.

Зулфизар Мавлонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг