Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кексаликда ёлғиз қолган аёл тақдири. «Темир дафтар» нима учун керак?

Кексаликда ёлғиз қолган аёл тақдири. «Темир дафтар» нима учун керак?

Фото: Xabar.uz

Хувайдо хола турмуш ўртоғидан ажрадию, якка ўзи қолди. Тақдир экан, фарзанд бахти насиб этмади. Чолидан эса фақат битта кулба мерос бўлиб қолди, холос. У ёғига, ёлғизлик.

Албатта ўзбекчилик, маҳалла-кўй қараб тургани йўқ. Кимдир, нимадир сабаб билан қарашиб турди. Аммо хайхотдек ҳовли ёлғиз одамни ютворай дейди. Бошқаларнинг қўлига қараб яшаш ҳам осон эмас — қўлдан берганга қуш тўймайди...

Ҳаммасини «темир дафтар» ўзгартириб юборди. Арзимаган бир неча кунда таъминот ҳам йўлга қўйилди, янги уй ҳам қурилди, қариндошлар ҳам топилди.

Хувайдо хола истиқомат қиладиган Элотон маҳалласи Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида жойлашган. Ишсиз, даромадсиз қолган эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилаларнинг рўйхатини шакллантириш асносида хола ҳам «темир дафтар»га киритилди. Шундан сўнг туман ҳокими А. Ваҳобов, туман прокурори В. Мамадалиев, туман халқ депутатлари кенгаши вакили ва маҳалла оқсоқоли биргаликда ёлғиз аёлдан хабар олишди. У ёғига ҳаммаси жадаллашиб кетди.

Аввало масъул шахслар томонидан холанинг қариндошлари ўрганилди. Улар орасида нуроний аёлнинг ҳолидан хабар олиб турадигани танлаб олинди. Хувайдо холанинг жияни Хусниддин Турдимов билан суҳбат ўтказилиб, оиласи билан биргаликда ҳовлига кўчириб олиб келинди. Унинг номига имтиёзли кредит расмийлаштирилиб, икки сотихли иссиқхона қуриб берилди, рафиқаси эса мактабга лаборант лавозимига ишга жойланди.

Хусниддин Турдимов етарлича уддабурон чиқди, ҳокимлик битта қўй келтириб берган эди, ёнига яна битта қўшиб, боқишга тутинди. Қўра ёнига 30 та товуқ сиғадиган катак қурилди. Иссиқхонада экин-тикин ишлари бошлаб юборилди.

Энди яна бир катта муаммо қолган эди — уй-жой. Гап шундаки, чол-кампир учун катта уй зарур бўлмай, чоғроққина бошпанада яшаб келишган эди. Аммо янги кўчиб келган оилага алоҳида жой керак. Бу масаланинг ечими ҳам дарров топилди — ҳокимлик, маҳалла-кўй ва тадбиркорлар жам бўлиб, хашар йўли билан икки хонали уй кўтаришмоқда. Яқинда иморат битса, Хувайдо хола хонадонида ҳам кенгчилик бўлиб қолади.

Темир дафтар
Хувайдо хола каби ёрдамга муҳтож бўлганлар нафақат Учқўрғонда, балки бутун юртимизда етарлича топилади. Наманган вилоятининг ўзида 24 мингдан ошиқ хонадон «темир дафтар»га киритилган. Айниқса карантин чоралари ёрдамга муҳтож оилаларга қўшимча қийинчилик туғдирди. Кўрилаётган чора-тадбирлар айнан мана шундай хонадонларни оғир даврдан олиб чиқишга қаратилган.
Аммо бу билан «темир дафтар» вақтинчалик чора-тадбир экан, деган хулоса пайдо бўлмаслиги лозим. Камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар энди бошланмоқда. Маҳаллий ҳокимликлар нафақат муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиши, балки доимий даромад манбаи шаклланиб, камбағалликдан чиқиб кетгунларига қадар қўллаб-қувватлаши лозим.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг