Президент дуога кўмилди
Шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазрат билан энг кўп суҳбатлашган бахтли инсонлардан бири бўлсам керак. Ҳазрат билан устоз-шогирд бўлиб, «7х7» ва «Парвона» газеталарига «Шайх Ҳазратдан сабоқлар» рукнида мақолалар, савол-жавоб саҳифалари тайёрлаш давомида у зот билан жуда кўп учрашганман. У кишининг номига минглаб саволлар келар, мен уйларига олиб борардим. Саволларни ўқирдим, тўхтовсиз жавоб берардилар. Бу жавоблар кейин газеталарда чиқарди. Кўплари «Зикр аҳлидан сўранг» китобларига ҳам киритилди.
Ҳазрат билан дунёвий масалаларда ҳам, жамият ва сиёсатга оид масалаларда ҳам суҳбатлашардик. Сиёсатга имкон қадар аралашмас, муносабат билдирмас, савол кўндаланг қўйилганда ҳам «айланиб ўтиб кетар» эдилар. Энг қизиғи, ўзларига нисбатан нохолис муносабат кўрсатган, ҳатто дилларини оғритган раҳбарлар-у, идоралар хусусида ҳам бирор марта салбий фикр айтмас эдилар.
Бир сафар Чорсудаги Имом Аъзам номли масжид ёнидаги Ҳазрат очган китоб дўконидаги ўзларининг барча китоблари, дискларини эъзоздаги хизмат ходимлари олиб кетиб қолишганидан, китоб дўкони муҳрлаб қўйилганидан диллари оғриб турган эканлар. Аммо ўшанда ҳам яхши гумонда бўлган эдилар: «Кўришади, ўрганишади, бу уларнинг вазифаси, инша Аллоҳ, ақллари етса, қайтариб беришади, дўконни ҳам очиб беришади».
На униси бўлди, на буниси...
Ўшанда Ҳазратдан «Нега бунақа, нега динимизга эркинлик беришмайди, нега раҳбарларимиз мусулмонларга қулайлик яратиб бериб, дуо олиш ўрнига ҳали соқолга, ҳали рўмолга, ҳали дўппига ёпишишади? Нега халқ ташна бўлиб турган Қуръон китобларига, «Тафсири Ҳилол», «Ҳадис ва ҳаёт» китобларингизга рухсат беришмайди? Озгина нусхада чиқаришга рухсат олиш учун кўп вақтингизни сарфлайсиз ва асабларингиз қақшайди?» деб савол бергандим.
— Сиқилманг, ҳали кўрасизлар, шундай кунлар келадики, давлатимиз раҳбарларининг ўзлари динга ҳомийлик қиладилар. Азонлар овози шаҳарларни тутади, юртимизда ҳам Қуръон қориларининг мусобақалари бўлади. «Исломий китобларни босинглар, элга тарқатинглар», дейишади, шунда исломий китоб ёзадиган одамни тополмай ҳам қоласизлар. Исломий радиолар, исломий телеканаллар очилади. Ана шу ишларнинг ҳаммасига давлат раҳбари бош-қош бўлади. Элнинг дуосини олиш учун ишлайдиган, унинг розилигини ахтарадиган раҳбар келади. Бу кунларга унча кўп қолгани йўқ, ҳадемай кўрасизлар, — деган эдилар.
Минг афсуски, «ҳадемай кўрамиз», демаган эканлар. Аммо «ҳадемай кўрасизлар» деганлари ҳам бугун менга бир авлиёлик, муборак башоратга ўхшаб туюлмоқда. Ростдан ҳам бу бир буюк башорат эмасми?
«Элнинг дуосини олиш учун ишлайдиган, унинг розилигини ахтарадиган раҳбар келади», деганларида шайх Ҳазратимиз бугунги президентимиз Шавкат Мирзиёевни назарда тутмаганмиканлар? Ахир ҳар икки гапнинг бирида раҳбарларга қарата: «Халқ учун ишланг, халқни рози қилинг, шунда Яратган ҳам сиздан рози бўлади», деб турган, ҳар бир ишидан эл қувонаётган, халқ дуо қилаётган раҳбар — халқнинг розилигини, Ҳақнинг розилигини ахтараётган раҳбар президентимиз Шавкат Мирзиёев эмасми?
Халқнинг давлатга, ҳукуматга, раҳбарларга ишончини, энг муҳими, эртанги кунга, унинг яхши бўлишига ишончни қайтариб берган президентимиз Шавкат Мирзиёев эмасми?
Кечаги қилган ишлари эса ҳаммасидан ошиб тушди!
Шайх Ҳазратимиз тиклашни орзу қилган, 27 йилдан бери қаровсиз ётган, чала қолиб кетган масжидга келишлари, уни энг ҳашаматли масжид қилиб тиклашга, у ерда бой кутубхона барпо этишга кўрсатма берганлари, Ҳазратимиз ҳақида эл неча йилдан бери бирор раҳбар айтармикан, бирор каттакон эътироф этармикан, дея кутиб ётган улуғ сўзларни айтишлари, қуриладиган «Масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратнинг номини берамиз», дейишлари оламшумул янгилик бўлди. Бу хушхабар ўзбек халқини, барча мусулмонларни, Шайх Ҳазратимизнинг миллионлаб мухлисларини тўлқинлантириб юборди.
Бу гапларни айтган президентимиз, аммо миллионлаб оддий инсонлар бир-бирини табриклашмоқда. Бир-бирларига қўнғироқ қилиб, «Ахборот»ни кўрдингми, такрорини ҳам кўр, президентимизнинг гўзал сўзларини эшит, барака топсинлар, Шайх Ҳазратимизнинг қадрларини осмон бўйи кўтариб юбордилар», дейишмоқда.
Кеча муборак Умра зиёратидаги юртдошларимиз қўнғироқ қилишиб, бу хушхабарни эшитиб, бениҳоя севинганларини изҳор қилишди ва жамоат бўлиб, Каъбатуллоҳда туриб, президентимизнинг ҳақига холис дуо қилишганини, Аллоҳдан у кишининг эзгу ишлари бардавом бўлишини, икки дунё саодатига мушарраф бўлишларини тилашганини айтишди.
Президентимизнинг холис эътирофлари бугун юртимизда байрамга айланиб кетди, десак муболаға бўлмайди.
Президентимиз эл эҳтиром қилган, пир тутган Шайх Ҳазратимизнинг руҳларини шод қиладиган амалларни қилар эканлар, инша Аллоҳ, ҳамма ишларининг оқибати хайрли бўлади!
Президентимиздан мамнун эл, халқ ҳам президентимизни дуо қилади.
Илоҳи, президентимизнинг халқни рози қиладиган, элни хурсанд қиладиган ана шундай ишлари кўпаяверсин!
Бу ишларда президентимиз Шавкат Мирзиёевга Аллоҳ ёр, Қуръон мададкор бўлсин!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter