Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шайх ҳазратларидан бизга нима қолди?

Шайх ҳазратларидан бизга нима қолди?

Фото: «Nuz.uz»

Бугун Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг жомъеларини зиёрат қилдим. Жуда ҳам кўркам ва салобатли жомъе бўлибди.Илоҳо, усталарнинг қўллари дард кўрмасин. Бу ишга бош қош бўлганларнинг умри узоқ бўлсин.

Мен, Шайх ҳазратлари билан биринчи бор 1990 йил, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида кўришганман. Ўша пайтда уюшма Ўзбекистондаги жаъми инқилобий ўзгаришларнинг ўчоғи эди.

Истиқлол ғояси, ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ғояси, демократия ғоялари, турли партияларни тузиш ғоялари айнан мана шу ерда туғилган, шаклланган, вояга етган ва амалга оширилган эди. Шайх ҳазратлари жуда шижоатли, довюрак ва жасур инсон эдилар. Шунинг учун уюшмага тез-тез қадам ранжида этар эдилар. Янги тузилган партия раҳбарларининг ҳаммаси у кишини ўз сафларида кўришни, шу билан ўз партияларини қувватлантиришни истар эдилар. Ўшанда Шайх ҳазратларининг айтган бир сўзи ҳали ҳамон қулоғим остида жаранглайди: «Сизлар мени ўз партияларингга қўшиб олишни истайсизлар, ислом бирон фирқага сиғиб кетадиган нарса эмас. Қачон уммонни бир ариққа қўшилиб кетганини кўргансизлар. Ислом, сизларнинг ариқларингга сиғадиган нарса эмас, ислом бу бутун коинотдан ҳам катта нарсадир», деган эдилар.

Шайх ҳазратлари қўли ҳам, қалби ҳам, юзи ҳам очиқ инсон эдилар. Ҳамма билан ҳамма вақт эмин эркин сўзлашиб кетаверар эдилар. Уюшмага тез-тез келар, шоирлар, ёзувчилар, талабалар, ўз юртининг келажаги учун бефарқ бўлмаган фидойи инсонлар, олимлар билан суҳбатлашар, тап тортмас жангчидек одамларнинг юрагига олов ёқар, ўзи ҳам мана шу олов билан яшар эди. Бу олов Шайх ҳазратларининг юрагида бир умр ёрқин аланга билан ёнди. Умрларининг сўнгги дақиқасигача у зот енгилмас жангчидек курашди, зотан у кишини ишдан олиб ташлашган, телевидение ва радиоларга чиқаришмаган, вақти келганда ўз диёридан кетишга мажбурлашган, «қора рўйхат»да сақлашган, ҳамма тарафларини бекитишган, бир умр қамалда сақлашган ва вафот этган кунлари мағлуб этдик дейишган бўлсалар-да, ҳеч шак-шубҳа йўқки, Шайх ҳазратлари бу дунёдан улкан ғалаба билан кетдилар.

Ғалабаларининг биринчиси, у кишининг илмларидан, саъйи ҳаракатларидан миллионлаб инсонлар баҳра олди, маърифатли, дину-диёнатли бўлди.

Иккинчиси, у зотдан икки юзга яқин, миллион-миллион тираждаги китоб қолди ва элимиз томонидан севиб ўқилмоқда, яна юз йиллар давомида бу китоблар қанча-қанча инсонларни маърифат сари етаклайди...

Учинчиси, у зоти бабаракотдан солиҳ ва солиҳа фарзандлар, минглаб эътиқоди мустаҳкам шогирдлар, Шайх бошлаган ишларнинг давомчилари қолди.

Тўртинчиси, Шайх ҳазратлари Ўзбекистон номини дунё миқёсига кўтарди ва биздан яна Бухорийлар чиқиши мумкинлигига асос солиб кетди.

Бешинчиси, мана шу қурилган жомъе ҳам Шайх ҳазратларининг бу ҳаётда катта ғалабага эришганларининг далолатидир.

Келинглар азизлар, қутлуғ рўзаи Рамазон кунлари улуғ Шайхимизни хотирлаб дуо қилайлик. Оллоҳ таолодан у зотнинг жойлари беҳишт ризвонларида бўлишлигини сўрайлик. Зеро, ёмғир билан ер кўкарар, дуо билан эл кўкарар дейдилар. Шояд, дуоларимиз мустажоб бўлса! Шайх ҳазратлари бутун умр сизу-бизни, аҳли Ўзбекистонни дуо қилиб ўтдилар. Зеро, қутлуғ ойда Оллоҳнинг марҳамати чексиздир!

Муҳаммад ИСМОИЛ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг