Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Катта юракли инсон. Истоминнинг биз билмаган эзгу амали ҳақида

Катта юракли инсон. Истоминнинг биз билмаган эзгу амали ҳақида

Фото: «Prokerala.com»

Бугун таҳририятимизга бўлган телефон қўнғироғи умуман кутилмаган бир янгиликни бизга етказдики, ҳамон ўша эшитганларим таъсиридаман, деб ёзади журналист Шоҳира Ҳамро ўзининг «Facebook»даги саҳифасида.

10 ёшигача 11 марта оғир операцияларни бошидан ўтказган бир болакайнинг отаси телефон қилиб, кўрсатувдан («Яхшилик» кўрсатуви назарда тутилмоқда) бирор сўм илинжида эмаслигини, фақат қийин кунларда унга беминнат ёрдам берган бир инсонга кўрсатув орқали миннатдорчилик билдирмоқчи эканлигини айтди. 10 йилдан бери ўша саховатпеша одамнинг ёрдами билан, яккаю-ёлғиз ўғлини даволашибди. Энг қиммат жарроҳлик операциялари, тинимсиз эътибор ва даволашлар ўз самарасини бериб, бугун у болакай ва ниҳоят, оёққа туриб, юриб кетибди. Гапира бошлабди.

«Бу саховатпеша инсоннинг кимлигини айта оласизми?», деб сўрадик.

Биласизми у ким экан? Теннисчи Денис Истомин! Бу йигит катта теннис мусобақаларида мамлакатимиз шаънини ҳимоя қилишини, билардим. 1986 йил Оренбургда туғилиб, кейинчалик тақдирини Ўзбекистон билан боғлаганини, бир неча йиллар илгари автомобилда ҳалокатга учраб, икки йил тўшакка михланиб қолганини, лекин ўзида куч топиб, яратганнинг марҳамати билан яна катта спортга қайтганидан озми-кўпми хабарим бор эди. 

Лекин очиғи, унинг бунақа бағри кенг, ўзгалар дардига бефарқ бўлмаган, тоза юракли инсон эканлигидан бехабар эдим. Очиғи, бундан бир неча кун илгари унинг финалда мағлуб бўлгани ҳақидаги хабарга бефарқ қараганимдан (ушбу пост август ойи бошларида ёзилган – «xabar.uz» изоҳи), ғалабаларига бефарқ бўлганимдан хижолат бўлдим. Тўғри, бу спортчи учун мени унга мухлислик қилмаганимнинг аҳамияти йўқдир, лекин мен учун катта юракли мана шундай ИНСОНнинг борлиги фахр! – таъкидлайди журналист.


Эслатиб ўтамиз, Индонезияда ўтаётган Осиё ўйинларида кеча, 25 август куни теннисчимиз Денис Истомин хитойлик рақибини мағлуб этиб, Осиё ўйинларининг олтин медалини қўлга киритди!

Бу Истоминнинг ушбу мусобақадаги биринчи олтин медали бўлди. У олдинги Осиё ўйинларида иккита кумуш, битта бронза олган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг