Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Карантин ҳудудида бир кун. Ҳақиқий аҳволни кўрдик, кузатдик

Карантин ҳудудида бир кун. Ҳақиқий аҳволни кўрдик, кузатдик

Юқоричирчиқ туманидаги карантин зонаси

Баъзан ижтимоий тармоқларда карантин муассасаларидан шикоят қилинган мурожаатларга кўзимиз тушади ва бунга кўпда ишонамиз, карантинга олинганларнинг аҳволига ачингандек бўламиз. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айнан шикоят қилишга мажбур бўлинадиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Лекин баъзида воқеликни ўз кўзингиз билдан кўрганингиздан кейин фикрларингиз ўзгариши ҳам табиий.

Куни кеча Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги карантин марказига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ вакиллари билан биргаликда биз журналистлар ҳам  ташриф буюрдик, карантинга олинган фуқароларнинг яшаш тарзи, яратилган шароитлари билан танишдик. Ҳақиқий аҳволни кўрдик, кузатдик.

Майдони қарийб 15 гектар

Мана шундай катта ҳудудда 20 кун ичида тайёр шарт-шароитга эга  карантин марказининг ташкил қилинишининг ўзи катта гап.

—20 минг ўринга мўлжалланган карантин ҳудудида ҳозир 15 мингга яқин карантинга олинган фуқаролар бор, — дейди марказ раҳбари Феруз Каримов. — Уларга 1000 нафардан зиёд тиббий ва техник ходимлар хизмат кўрсатмоқда. Бу ерда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари фаолият олиб боришмоқда. Уларнинг хавфсизликлари таъминланган. Марказга 2 минг 562 та контейнер ўрнатилган ва жиҳозланган. Ҳар бир хонада 4 киши жойлашган — телевизор, кондиционер, телефон билан таъминланган. 

Ошхонада тушликка тайёргарлик

Ошхонага киргунингизча ҳар қадамингизда махсус дизенфекцияловчи жиҳозлар — бир марталик ниқоб, бош кийим, қўлқоп.

Фарҳод Муҳаммадиев, марказ бош ошпази:

— Карантин марказидаги ушбу махсус ошхонада 4 марта овқат тайёрланади, ярим  тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари бир марталик идишларда, санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда етказиб берилади. Кундузи 250 нафар, кечаси 70 нафарга яқин ходимлар ишлайди.

Отабек Имомов, тиббий масалалар бўйича директор ўринбосари:

— Карантин маркази 3та ҳудудга бўлинган. Ошхона томон «яшил» ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда ишлайдиган ходимлар «сариқ» ҳудудга ҳам «қизил» ҳудудга ҳам қадам босмайди. 15га яқин махсус автоулов таомларни «сариқ» ҳудудгача етказиб беради, «сариқ» ҳудуддан кейин бошқа уловлар  «қизил» ҳудудга. У ёқдан қайтадиган дамаслар ҳар доим дизенфекция қилиб турилади. Берилаётган овқат бир маротабалик идишларда, қошиқдан тортиб чой ичадиган идишигача бир марталик идишлар. Улар бўшаганидан кейин зарарсизлантирилади ва ёқилади.

Ошхонада махсус стол атрофида қатор турганча  кимдир бир марталик қошиқни, кимдир овқат идишини, яна кимдир нонни алоҳида ўраб тахлаб чиқмоқда.

Таомнома рационида инсон организми учун керак бўладиган барча микроэлементлар бор. Масалан йогурт, сут, қатиқ, тухум, қозонда пишириладиган таомларда албатта гўшт ва сабзавотлар. Ярим тайёр маҳсулотлар ҳам алоҳида бир марталик идишларда етказилади. Карантинда сақланадиган фуқарога бир кунлик озиқ-овқат харажати 78 минг 280 сўмни ташкил қилади. Тасаввур қилинг ҳозиргача қанчадан қанча фуқароларни кутиб ва кузатиб олишини ҳисобга оладиган бўлсак сарфланаётган маблағни. Бугунги кунга қадар марказда жами 66 070 нафар фуқароларимиз карантинга олинган, шулардан 2082 фуқарода вирус аниқланиб Вирусология илмий-текшириш институтига жўнатилган.

Почта хизмати ва колл-маркази

 Марказ ходимларининг бу ердаги шарт-шароитлар ҳақидаги ахбороти орқали  почта ва алоқа хизмати ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлдик.

«Биз олиб келган жўнатмамиз эгасига етиб бормабди», деган карантинга олинган фуқароларнинг қариндошлари томонидан баъзида норозиликлар бўлади, деган саволга марказ раҳбари Феруз Каримов халқаро ташкилот вакилларига жўнатмалар қай тарзда ҳудудга олиб кирилишини тушунтирди: «Тасаввур қилинг 15 минг одамга хизмат қилишни. Кўпинча блокларни адаштиришади. Масалан, лотин тилида «В» блок деб ёзилган. Карантинга олинган фуқаро хонасини крилл алифбосида «В» деб маълумот беради қариндошларига.  Ва бу англашилмовчилик туфайли жўнатма эгасини топа олмаслиги мумкин.  Эгасини топа олмаган жўнатма яна мана шу почта хизмати хонасига қайтиб келади. Бундай англашилмовчиликлар бўлиб туради. Ёки қариндошлари мумкин бўлмаган нарсалар: торт, спиртли ичимлик, газли ичимликлар, ҳўл мевалар, тез айнийдиган озиқ-овқатлар ва шунга ўхшаш нарсалар олиб келишади, табиийки биз бу маҳсулотларни эгаларига етказишга ҳаққимиз йўқ.

Халқаро экспертлар томонидан нима учун фақат махсус телефон орқали гаплашишга рухсат берилган деган саволга марказ раҳбари қуйидагича жавоб берди: «Ўз телефонидан фойдаланиш ҳолларида қуйидагиларни кузатдик — масалан бир хонада тўрт киши кимдир соатлаб телефонда гаплашади ёки баланд овозда гаплашиб ҳамроҳининг тинчини бузади ёки баланд товушда ўйин ўйнайди ёки ўзини суратга оламан деб, ноқулай аҳволда ётган хонадошини ҳам суратга олади. Махсус телефондан фойдаланишга рухсат беришдан мақсад бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини, тинчини ўйлаш.

Ҳар бир хонага битта телефон...

Бу ерда колл-марказ хизмати ҳам йўлга қўйилган. Ўзмобайл компанияси вакили бу ердаги ишни назорат қилиб туради.  Масалан карантиндаги фуқаронинг қариндоши жўнатма олиб келган бўлса, қайси хонада эканини билмаса, телефондан қўнғироқ қилиб билиб олиши мумкин. Ичкарида ҳар битта блокка битта шифокорлардан ходим тайинланган. Ўша ходим фуқарога керакли нарсалар рўйхатини тузиб чиқади ва колл-марказга қўнғироқ қилади. Колл-марказ орқали сўралган нарсалар ичкарига етказилади. Колл-марказга ўрнатилган 6 та катта таблода  ҳар бир блокдаги ҳолат — ким кириб чиқаётгани, вазият қандайлиги доимо кузатиб турилади. У ерда ишлаётган мутахассислар ҳар бир фуқаронинг қўнғироғига жавоб беришади, қариндошлари билан алоқани ўрнатишни йўлга қўяди.

Шундан сўнг... Экспертлар фуқароларнинг яшаш шароити билан танишиш мақсадида махсус комбинезонларда карантин ҳудудида ҳам бўлишди.

— Биз ҳар бир инсон ҳар қандай вазиятда инсондек яшаши учун яратилган шарт-шароитларнинг қай ҳолатда эканлигини оммавий ахборот воситалари орқали бошқаларга ҳам етказилишини истаймиз. Унинг ҳуқуқлари бузилмаяптими буларни ҳам назорат қиламиз ва ўрганамиз. Ютуқларини бошқа жойларга тавсия қиламиз, камчиликлари бўйича ўз тавсияларимизни берамиз, — деди ичкаридаги вазият билан танишгач ўз таассуротлари билан ўртоқлашаркан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, элчи Жон Макгрегор.

— Пандемия даврида қисқа вақт ичида бу касаллик билан курашиш барчамизга хатоларимиздан сабоқ чиқаришни ўргатди, албатта бу қисқа вақт ичида ўрганганларимиз ҳам кўп бўлди. Шундай вазиятда шарт-шароит кўнгилдагидек бўлиши учун ўз тавсияларимиз билан ўртоқлашамиз ва сабоқ оладиган томонларимиз ҳам бор, — деди БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий вакили Хелена Фрейзер...

Халқаро ташкилот вакиллари албатта ўз хулосаларини айтади. Биз эса кўрганларимизни қандай бўлса шундайлигича қоғозга туширдик, хулоса чиқариш эса ўқувчилардан...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг