Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Камбағаллар учун Тожмаҳал

Камбағаллар учун Тожмаҳал

Фото: «LiveJournal»

Ҳиндистондаги Тожмаҳал ҳаммамизга таниш, ҳар қандай таъриф ортиқча. Аммо «иккинчи Тожмаҳал»ни  эшитганмисиз? Шоҳжаҳоннинг невараси Аъзамшоҳ 17-аср ўрталарида онаси хотирасига Аврангободда қурдирган Бибика мақбарасини Тожмаҳалга жуда ўхшашлиги туфайли «иккинчи Тожмаҳал» ёки «камбағаллар учун Тожмаҳал» деб ҳам аташади. Айрим манбалар мақбарани Аврангзебнинг ўзи қурдирганидан сўйлайди.

Хуллас, бобосининг меъморий мўъжизасидан илҳомланган Аъзамшоҳ ҳам ўз Тожмаҳалини, ҳаттоки ундан-да улуғворроғини барпо этишга бел боғлайди. Баландпарвоз режани амалга оширишга қолганда эса шоҳ хазинасининг таги кўриниб қолганди... Аммо бу Аъзамшоҳни аҳдидан қайтара олмади: натижада Тожмаҳал даражасида бўлмасаям, ўзига хос меъморчилик намунаси барпо этилди.

Эгизак мақбаралар.

Гарчи ўринсиз бўлса-да «арзоннинг шўрваси татимас» мақолини шу ерда ишлатишга мажбурмиз: Тожмаҳални қуришга 32 миллион рупий сарфланган, Бибика мақбарасига эса — 700 минг рупий. Тожмаҳал маҳобатлироқ ва тўлиғича оқ мармардан қурилган, Бибика мақбараси кичикроқ ва фақат асосий биноси одам бўйи баландликда мармар билан, қолган қисми ялтироқ қум билан қопланган. Мақбаранинг миноралари ғиштдан тикланган бўлиб, майдаланган чиғаноқлар билан сувоқ қилинган.

«Биринчи» ва «иккинчи» Тожмаҳаллар қайсидир маънода бой ва қудратли бобурийлар салтанатининг тобора кучсизланиб, камбағаллашиб бораётганини ўзида акс эттирган.

Бугун Махараштра штатининг Аврангобод шаҳридан сайёҳлар оқими узилмайди. Гарчи турли сайёҳлик йўналишлари ва каталогларига мунтазам киритиб борилса-да, токи Тожмаҳал бор экан, Бибика мақбарасининг «пешонаси»га фақат иккинчи бўлиш ёзилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг