Журналист Ўзбекистонда «ҳоким» атамасини «раис»га алмаштиришни таклиф қилди
Ўзбекистонлик таниқли журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг «ЎзА»да «Ҳоким – ким: иш бошқарувчими ё мутлақ ҳукмдор?» номли мақоласи эълон қилинди.
Унда муаллиф мамлакатдаги айрим ҳокимларнинг қўл остидаги кишиларга ва халққа муомаласи, беписандлиги ва камчиликлари хусусида сўз юритади.
«Кейинги пайтларда маҳаллий ҳокимият тизимидаги камчиликлар, айниқса, ҳокимларнинг оддий фуқаро билан муносабати, аҳоли муаммоларини ҳал этишда эскича ёндашувдан қутила олмаётганлиги танқид қилинмоқда. Нима, бу муносабат илгари рисоладагидек эди-ю, энди ёмон бўлдими?
Албатта, йўқ. Авваллари аҳвол бундан ўн чандон ёмонроқ эди. Оммавий ахборот воситаларининг анча эркин ва очиқ фаолият юритишига яратилган шароит амалдорларнинг кирдикорлари ҳақида очиқ сўз юритишга йўл очди. Юртдошларимиз энди «катталар»нинг ҳамма айтганларини ичга ютмасдан, эркин гапирадиган, журналист билан баҳам кўрадиган бўлди» деб ёзади Раҳматуллаев.
Шунингдек, муаллиф фикрича, ҳокимлар вазифага тайинланганлигидан кўп ўтмасдан «бузила» бошланиши ёки халқимиз оддийгина айтгандек, оёғи ердан узилишининг асосий сабаби «жойларда биринчи раҳбарнинг ҳокими мутлаққа айланишига олиб келувчи шароит ва имконият яратиб қўйилганлигидадир. Улар нафақат аҳолига, балки ўзидан пастда турувчи давлат органлари олдида ҳисоботлар эмас ва танҳо мансаб пиллапоясида ўзидан юқори турувчилар айтганини сўзсиз бажаради. Шундан улар ўз фаолияти давомида «паст»га эмас, доимо «тепа»га қараб иш кўради».
Журналист шунингдек, «ҳоким» атамасини ҳам ўзгартиришни, вилоят, туман, шаҳарнинг биринчи раҳбарини «ҳоким» эмас, «раис» деб аташни таклиф этган.
«Ҳоким фақат ижроия ҳокимиятининг раиси бўлиб қолмоғи шарт. Унинг ваколатига нималар кириши аниқ белгилаб қўйилиши зарур. Халқ депутати Кенгашини бошқа киши бошқарсин. Ҳоким Кенгаш олдида мунтазам ҳисобот бериб турсин» дейилади мақолада.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter