Интернет журналистикаси: кадрлар масаласи, журналист ҳуқуқи, ахборот хавфсизлиги ва бошқалар ҳақида
Шу йилнинг 25-26-27 апрель кунлари Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Ёшлар оромгоҳи»да ҳудудий ва марказий ОАВларда фаолият олиб бораётган журналистлар иштирокида «Жамоатчиликка ахборот етказишда анъанавий ва интернет журналистикаси ютуқларидан самарали фойдаланиш» мавзусида семинар ташкил этилди.
Семинарнинг иккинчи куни иштирокчилар «Интернет тармоғида миллий сегментни фаол ривожлантириб, ҳудудлардаги ахборотлар билан тўлдиришнинг янги услублари» лойиҳаси доирасида фикр алмашдилар. Мамлакатимиз ва дунёда интернет журналистикасини ривожлантиришнинг асосий омиллари, халқаро медиамаконда мамлакат имижини шакллантиришда журналистнинг роли каби масалалар муҳокама марказида бўлди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети декани Алишер Матёқубов, доцент Назира Тошпўлатова ҳамда Ахборот ва жамоат хавфсизлиги маркази мутахассиси Жавоҳир Қудратов интернет журналистикасининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзлаб берди.
А.Матёқубовнинг айтишича, бугунги кунда журналистларнинг маълум соҳаларга ихтисослашуви жуда муҳим ва долзарб масалалардан бирига айланди. Журналист кадрларга бўлган эҳтиёжнинг ортиб бориши, ўз навбатида, журналистика йўналишидаги таълим сифатини ошириш, уларни маълум соҳа ҳамда йўналишлар бўйича ихтисослаштиришни тақозо этмоқда.
Доцент Назира Тошпўлатованинг «Давлат дастурлари амалга оширилишида жамоатчилик назоратини ўрнатиш: журналист масъулияти ва ҳуқуқлари» мавзусидаги маърузаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди, кўплаб фикрлар, мулоҳазалар билдирилди.
«Журналистлар, энг аввало, қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини яхши билиши керак. Афсуски, айрим журналистларимиз айнан қандай ҳуқуқ ва мажбуриятга эга эканини тўлиқ билмайди. Бу эса журналист ўзи истаган маълумотларни олиши, мавзуни ўрганиши ҳамда ёритишида муаммога сабаб бўлади. Ҳуқуқини яхши билган журналистга эса ҳеч ким ҳеч қачон халал беролмайди», — деди Н.Тошпўлатова.
Ахборот ва жамоат хавфсизлиги маркази мутахассиси Жавоҳир Қудратов эса ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари ҳақида маъруза қилди.
Мутахассиснинг қайд этишича, интернетнинг миллий сегменти ривожлангани сайин унинг хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам шунчалик муҳим аҳамият касб этиб бораверади. Айниқса, ижтимоий тармоқларда мафкуравий хуружлар кўлами кенгайиб бораётган паллада журналистлар янада огоҳ ва ҳушёр бўлиши талаб этилади.
Семинар давомида журналистлар ўз фаолиятида дуч келаётган турли муаммоларни ўртага ташлаб, ўзаро муҳокама қилдилар. Журналистика олдида турган долзарб масалаларни ҳал этиш ҳақида фикрлашилди.
Семинар бугун ўз ишини якунлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter