Ижтимоий тармоқларда Бишкек савдо марказларини бойкот қилишга чақириқлар янграмоқда
Ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар 31 март куни Бишкек савдо марказларига бойкот эълон қилиш ва улардаги ёнғин хавфсизлиги ҳақида ҳисобот талаб қилишга чақириқларни тарқатишаяпти. Фаоллар ўқув-машқ эвакуацияси ўтказишни ҳам талаб қилаяпти.
Чақириқларнинг муаллифлари савдо марказлари эгаларига инсон ҳаётининг қиммати ҳақида эслатиб қўйишни истаётганларини таъкидлашмоқда. Бойкот Россиянинг Кемерово шаҳридаги фалокат қурбонлари хотирасига бағишлаб эълон қилинмоқда.
Ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчиларнинг чақириғига «Asia Mall» савдо марказининг раҳбарияти жавоб берди ва 30 мартда ёнғин хавфсизлиги бўйича машқлар бўлишини эълон қилди.
25 март куни Кемеровонинг «Зимняя вишня» савдо марказида ёнғин содир бўлди. Расмий маълумотларга қараганда, ёнғинда 64 киши ҳалок бўлган, 60 нафардан кўпроқ ёрдам сўраб тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган, улардан 15 нафари стационар даволанишда. Ёнғиннинг 15 қурбони, жумладан 13 нафар бола таниб олинган.
27—29-март кунлари Кемеровода мотам эълон қилинди. Минтақадаги шаҳарлар ва қишлоқларда давлат байроқлари тушириб қўйилган, кўнгилочар тадбирлар бекор қилинган.
Президент Владимир Путиннинг фармонига кўра Россияда 28 март мотам куни деб эълон қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter