Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳар ИИББ шаънини топтаганлар жиноий жавобгарликкача тортилиши мумкин

Ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳар ИИББ шаънини топтаганлар жиноий жавобгарликкача тортилиши мумкин

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқдаги турли иғволар, гап-сўзлар ва ҳақорат қилаётганлар учун расмий мурожаат билан чиқиб, фуқароларни огоҳлантирди.

«Ҳурматли ҳамшаҳарлар! Тошкент шаҳар ИИББ Сизнинг ҳар бир хабар, эътироз ва мурожаатингизни диққат билан ўрганиб чиқади. Сизнинг фикрингиз жуда муҳим ва биз танқидларни ҳам тинглашга тайёрмиз. Лекин танқид ўринли, асосли ва ҳаққоний бўлиши лозим. Бу эса жиноятчиликка қарши кураш, тартибни сақлаш ва юртдошларимиз ҳимояси борасидаги фаолиятимизни сифат жиҳатидан яхшилашга ёрдам беради.

Бироқ кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда уят сўзларни ёзишдан тортинмайдиган, ички ишлар органлари фаолиятини яхшилашга алоқадор бўлмаган изоҳ билдирадиган кимсалар пайдо бўлмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазири ўринбосари — Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Р.Жўраев Яккасарой тумани аҳолиси билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот вақтида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини ижтимоий тармоқларда ҳақоратлаётган фойдаланувчилар жавобгарликка тортиладилар.

— Агар кимда-ким мени барибир топа олишмайди ва истаганча ички ишлар органи ходимини ҳақорат қиламан, унга туҳмат қилавераман, деб ўйласа, қаттиқ янглишади. Эътиборингиз учун шу йўналишда ишлар олиб борилган, бунинг учун маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари йўқ эмас, — дейди Р. Жўраев.

Хусусан, Сурхондарё вилоятида яшовчи 24 ёшли Х.Ж. атайин Тошкент шаҳар ИИББ ходиминининг ғурурини топтагани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Шайхонтоҳур туман маъмурий судининг қарорига кўра, фуқаро Х.Ж.га ЭКИҲнинг 10 баравари, яъни 1 722 400 сўм миқдорида жарима солинди.

Ушбу суд томонидан жорий йилнинг февраль ойида Тошкентда яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқаро К.А.га 172 240 сўм миқдорида жарима солинди. Бу аёл ички ишлар органи ходимини ҳақорат қилгани учун маъмурий жавобгарликка ҳам тортилди.

Тошкент шаҳар ИИББ расман маълум қиладики, ички ишлар органлари ходимларини обрўсизлантирган, камситган, ҳақоратлаган ва нафсониятига теккан барча фуқароларга, шу жумладан, интернетдаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига нисбатан жиноий жавобгарчиликкача бўлган қонуний чора кўрилади.

Тошкент шаҳар ИИББ қошида ташкил этилган Ахборот мультимедиа маркази ижтимоий тармоқларда қолдириладиган хабарлар, изоҳларни мониторинг қилиб боради, ички ишлар органлари ходимлари фаолиятини қадрсизлантирадиган асоссиз ва ёлғон маълумотларга раддия бериб боради.

Тошкент шаҳар ИИББ барча фуқароларни ижтимоий тармоқларда мулоқотнинг одоб-аҳлоқ нормаларига амал қилишга, бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлишга, ножўя сўзлардан фойдаланмасликка ва айниқса у ёки бу воқеага изоҳ қолдираётганда қўполлашмасликка, ҳақорат қилмасллика чақиради», дейилади баёнотда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг