Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ИИВ терактларга чақириқ масаласида аҳолини жиддий огоҳлантирди

ИИВ терактларга чақириқ масаласида аҳолини жиддий огоҳлантирди

Фото: Xabar.uz

Ички ишлар вазирлиги терактлар масаласида аҳолига муҳим огоҳлантириш билан чиқди. Вазирлик маълумотига кўра, фуқароларга ижтимоий тармоқлар орқали пул эвазига портлашлар содир этиш таклифи келиб тушмоқда. 

«Ҳурматли фуқаролар! Охирги вақтларда дунёнинг турли мамлакатларида содир этилган террорчилик ҳаракатларидан сўнг, республикамиз ҳамда қўшни давлатлар фуқароларига интернет ижтимоий тармоқлари орқали пул мукофоти эвазига савдо ва кўнгилочар марказлар, мактаблар ва бошқа жамоат жойларини миналаштириш таклиф қилинган хабарлар келиб тушмоқда.

Бу каби провокацион хабарлар асосан «Телеграм» мессенжери орқали юборилиб, унда номаълум шахслар турли миқдорда пул тўлаш, қурол-яроғ билан таъминлаш ва ҳаракатлар режасини юборишга ваъда бериб, ушбу ҳаракатларга рад жавобини эътиборга олмайдилар. Энг хавфли жиҳати шуки, ёвуз ниятли шахсларнинг хабарлари кўп ҳолларда болаларга юборилмоқда. Шунингдек болаларнинг шахсий маълумотлари орқали уларни қўрқитиш ҳолатлари кузатилмоқда. Провокаторлар ўзларининг фотосуратлари ва рақамларини яширган ҳолда фаолият юритадилар.

Ҳурматли фуқаролар! Агарда Сизга бу каби хабарлар келиб тушса ваҳимага тушманг ва уларни очиқ чатлар, танишларингиз ва дўстларингизга юбормай, дарҳол «102» рақамига қўнғироқ қилиб, ички ишлар органларига хабар беринг. Хабар юборувчиларни блокланг ва улар билан ёзишма ва суҳбатга киришманг.

Ёдингизда тутинг, фирибгарлар жамоатчилик орасида ваҳима уйғотиш учун бу каби хатти-ҳаракатларни амалга оширмоқда! Республика ҳуқуқ-тартибот органлари эса хавфсизликка бўлган ҳар қандай таҳдидларни бартараф қилиш борасида ўз ваколатлари доирасида барча чораларни кўрмоқда», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бугун президент Шавкат Мирзиёев Москва вилоятидаги терактнинг оқибатлари ҳақида гапирганди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг