Ичимлик сувига таъсир қилаётган бир қатор қум-шағал карьерлари тўхтатилди
Зарафшон ва Чирчиқ дарёларининг ичимлик суви таъминотига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган участкаларда норуда материалларини қазиш ишларини олиб бораётган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти ўрганилган. Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати хабар берди.
Ўрганиш натижасига кўра, Зарафшон дарёси ўзанида жойлашган «Дагбит» ичимлик суви олиш иншоотининг 3-участкасида норуда материалларини қазиш билан шуғулланувчи «Qorako`l Story Engineering» МЧЖ лицензияси бекор қилиниб, фаолияти тўхтатилган, «Самарқанд Керамик» МЧЖларга қарашли 1 та лицензияли карьер фаолиятини тўхтатиш бўйича судга даво аризаси киритилган.
Шунингдек, Зарафшон дарёси ўзанини тозалаш жараёнида қум-шағал материалларини қазиб олиш ҳуқуқини берувчи яна 24 та худди шундай карьерлар фаолияти лицензияси ва шартномалари тугагани сабабли тўхтатилган, айримлари чекланган ва босқичма-босқич улар ҳам тугатилади.
Республика ишчи гуруҳи ўтган икки ой давомида ҳудудларда ерости чучук сувлардан фойдаланиш, дарёлар ўзанларида қум-шағал қазиш ишларининг ерости чучук сувларга салбий таъсирини танқидий ўрганиб чиққан.
Гидрогеологик ўрганиш натижасида қуйидагича хулоса қилинган:
- Қазиш ишлари давомида катта майдонларда ерости сувли қатламларини очиш, теварак-атрофда, яъни 100-500 м радиусдаги ер ости грунт сувлари сатҳининг 1-2 метрга пасайишига олиб келади. Қазиш ишларида технологик регламент талабларига қатъий риоя қилиш лозим.
- Зарафшон дарёси бўйидаги «Дагбит сув олиш иншооти» 3-участкасининг 1-санитар-муҳофаза минтақасида жойлашган ҳудудда қазиш ишларини тўхтатиш ва рекултивация қилиш лозим.
- Ерости сув олиш иншоотларининг 2-санитар-муҳофаза минтақасида жойлашган карьерлардаги қазиб олиш ишлари ерости сувларининг (микробли) ифлосланишига олиб келиши мумкинлигини инобатга олиб, ушбу ҳудудларда қазиш ишларини чеклаш тавсия этилган.
- Гидрогеологик хулоса ишчи гуруҳга ва мутасадди вазирлик ва идораларга тақдим этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter