Ҳомиладор аёлларга қон топшириш хизмати пуллими ёки бепул?
Таҳририятимизга барча оилавий поликлиникалар томонидан ҳомиладор аёллар ва бошқа беморлар Тошкент шаҳар «Қон препаратлари» илмий ишлаб чиқариш корхонасига юборилаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Унга кўра, қон таҳлилларини топшириш бир қарашда бепулга ўхшаса-да, бироқ улар учун камида 80 минг пул тўланаётгани айтилган.
«...Кейин узоқ навбатлар туфайли тартибсизлик бўлиб кетган. Пойтахт бўлса, шароит қилиш керак-ку!», дейилади мурожаатда. Чиндан ҳам, суратлардан кўриниб турибдики, қон таҳлиллари учун белгиланган сумма аҳолига оғирлик қилиши табиий.
Мазкур шикоят оҳангида ёзилган мурожаатга ойдинлик киритиш мақсадида, «Қон препаратлари» илмий ишлаб чиқариш корхонасига юзландик. Улардан келган хатда айтилишича, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг пуллик хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи 064-сонли рухсатномасига асосан, корхонада пуллик хизматлар амалга оширилиши йўлга қўйилган. Пуллик тиббий хизматлар фуқароларга тасдиқланган прейскурат ҳамда ўзаро шартнома асосида ташкил қилинган. Барча муолажалар қайд журналида кўрсатилган ва тўловлар ўрнатилган тартибда амалга оширилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг 2011 йил 12 октябрдаги 173-сонли қарорига кўра, ҳомиладорларга қон гуруҳи ва резус факторини аниқлаш бепул амалга оширилади. Ҳомиладор аёлларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг 2018 йил 16 апрель 147-сонли буйруғи ишлаб чиқилган. Ушбу буйруқ асосида ҳомиладор аёлларга қон гуруҳи ва резус фактори туман тиббиёт бирлашмаларида бепул ташкиллаштирилиши мурожаат қилувчиларга тушунтирилмоқда. Фуқароларнинг ўз хоҳишига кўра эса хизматлар пуллик, ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Томирдан қон олиш, қон гуруҳи ва резус факторини аниқлаш тасдиқланган прейскурантга асосан жами — 34200 сўмни ташкил қилган, дейилади хатда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter