«Ҳокимларнинг обрўси тушиб кетяпти». Ғузор тумани ҳокими судьядан «мот бўлган» аудиосига изоҳ берди
Фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг раиси Саттор Ақанов ва Ғузор тумани ҳокими Саъдулла Бобоқулов ўртасида кечган суҳбат аудиоси тарқалганди.
Аудидода аввалига ҳоким ёрдамчиси суд раисига қўнғироқ қилиб, ҳоким сўраётганини айтади ва гўшакни раҳбарига тутқазади. Ёрдамчиси томонидан «ўзини таништирганига қарамай» суд раиси салом бермагани ҳокимга оғир ботади чоғи, «ёшингиз кичик, салом берсангиз бўлади-ку?!» дея иддао қилади. Ўз навбатида суд раиси «процессда эканини» айтар экан, «Нима гап?» дейди. Чамаси, ҳокимнинг иззатталабги суд раисига ҳам ёқмайди. Ўртада хиёл гап ўтгач, туман раҳбари суд раисидан «қабулига келиш»ни талаб қилади. Бунга жавобан раис: «Бормайман, кечириб қўясиз, сизни қабулингизга», дейди...
Ғузор тумани ҳокими Саъдулла Бобоқулов «Дарё» мухбири билан суҳбатда телефонда судья билан бўлган ушбу мулоқотини изоҳлади.
Ҳоким суд раисини халқ депутатлари туман кенгаши сессиясига чақирмоқчи бўлиб қўнғироқ қилганини, суҳбат аввалида ўзини туман кенгаши раиси сифатида таништирганини айтган.
«Суд раиси халқ депутатларининг туман кенгаши сессиясида иштирок этиб, депутатларга ҳисобот бериши лозим эди, шу сабабдан ҳам судьяга қўнғироқ қилиб, бу ҳақда билдирмоқчи бўлдик. Аммо эшитганингиздек, судья ҳурматсизлик қилди», — дейди Ғузор ҳокими.
Ҳокимнинг таъкидлашича, мазкур воқеага 10-15 кун бўлган. Судьянинг овози ҳоким ёрдамчисининг телефонига ёзиб олинган.
«Судьялар олий кенгашига хат билан чиқиб, мазкур ҳолат ҳақида билдирдик, аммо 10-12 кун ўтяптики, жавоб йўқ», — дейди Саъдулла Бобоқулов.
Ғузор тумани ҳокимининг маълумот беришича, халқ депутатлари туман кенгаши судьяга ҳисобот бериши лозимлиги хусусида ёзма мурожаат ҳам қилган.
«Ҳокимларнинг обрўси тушиб кетяпти, айтганингни қилишмаяпти, туманни бошқаришга қийналяпмиз. Халқ таълими, мактабгача таълим, тиббиёт ва мана энди маҳаллалар ҳам бошқармаси, вазирлиги билан гаплашяпти. Ҳокимият уларнинг олдига борса, «мазангни қочираман» деяпти. Шу сабабдан ҳам ҳокимият ва ташкилотлар ўртасидаги алоқа узилиб қолди. Ҳамкорликда ишлаш керак-ку», — дейди Саъдулла Бобоқулов.
«Дарё» мухбири Ғузор туманлараро суди раиси Саттор Ақанов билан боғланишга ҳаракат қилган. Аммо судья билан мулоқот қилиш имкони бўлмаган.
Таъкидлаш лозим, Конституциянинг 106-моддасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши белгиланган. Шунингдек, 112-моддада судьялар мустақил эканлиги, фақат қонунга бўйсуниши таъкидланган.
Конституциянинг 99-моддаси ҳокимлар тўғридан-тўғри туман кенгаши раиси эканлигини тасдиқлаб қўяди. Унда «вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этадилар», дейилади. Шу сабаб ҳам Ғузор ҳокими суҳбат аввалида туман кенгаши раиси эканлигига алоҳида тўхталяпти.
Қайд этиш лозимки, президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 28 декабрь куни парламентга қилган Мурожаатномасида «2019 йилда ҳокимнинг айни вақтда Халқ депутатлари кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатишига доир тартиб бекор қилиниши лозим. Олий Мажлис палаталари раҳбарларига икки ой муддатда ушбу масалаларни депутат ва сенаторлар ўртасида ҳамда жойлардаги вакиллик органларида атрофлича муҳокама қилиб, амалий чоралар дастурини қабул қилиш тавсия этилади. Ҳоким ҳокимлигини қилсин, лекин кенгаш олдида ҳисобот берсин», деган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter