Ҳоким ёрдамчилари нималарга масъул бўлиши айтилди
![Ҳоким ёрдамчилари нималарга масъул бўлиши айтилди](https://static.xabaruz.com/crop/1/2/720_460_95_1213496768.jpg)
Аввал хабар берилганидек, президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
«Ҳар бир ҳудудда сайловолди учрашувларида халқимиз билан бирга катта-катта марраларни белгилаб олдик.
Олдимизда турган энг муҳим вазифа — ушбу дастурларни маҳаллагача тушириб, ижросини таъминлаш ҳисобланади.
Бугунги кунга қадар шаклланган дастур лойиҳалари эскича қолипда тайёрланган ва бирортасида «эга-кесим» йўқ, бирорта вилоят ҳокими буни ўзидан ўтказмаган.
Шу боис, келгуси йил берилаётган маблағлар ва яратилаётган имкониятлар маҳалланинг эҳтиёжидан келиб белгиланади.
Бунда маҳаллада иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш асосий мезон бўлади.
Бу ишларни амалга оширишга ҳоким ёрдамчилари масъул бўлади», — деди давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида.
Қайд этилишича, келгуси йилда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш борасида кўриладиган қатор чора-тадбирлар тўғрисида маълум қилинган:
- оилавий тадбиркорлик дастурлари, ишсиз аҳоли ва ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 13 триллион сўм берилади;
- пахта ва ғалладан бўшайдиган 200 минг гектар майдоннинг 80 минг гектари аҳолига берилади;
- мева-сабзавот лойиҳаларига 100 миллион доллар ва мева-сабзавот кластерларига 2 триллион сўм ресурс йўналтирилади;
- аҳоли бандлигини таъминлашда 500 минг гектардан зиёд томорқалардан самарали фойдаланиш учун келгуси йилда 100 миллион доллар йўналтирилади;
- аҳоли томорқасида деҳқончиликни йўлга қўйиш учун банклар томонидан 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар берилади.
Ҳоким ёрдамчилари бу имкониятлардан тўғри фойдаланиб, томорқаси бўлган хонадонларда 100 та парранда, 20 та қуён, 5-6 та қўй ва эчки, камида 5-10 та курка, 5 та асалари уялари боқилишини ташкил этишга кўмаклашиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter