«Ҳаммасининг нияти соққа». «Рақобатсиз енгишга ўрганган маҳаллий лоббистларга уят, уят!» Ижтимоий тармоқларда кун мавзуси
«Ўзчармсаноат» ассоциацияси томонидан мўйнали ва тери-поябзал саноати, шунингдек импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Лойиҳада яна импорт учун бож жорий қилинаётгани, маҳаллий ишлаб чиқарувчига солиқ имтиёзлари, сотиш учун преференциялар белгилангани ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан кескин қарши олинди.
Жумладан, таниқли блогер ва экспертлар ушбу қарор лойиҳасига танқидий муносабат билдиришга улгуришди.
Телеграмдаги «Davletov.uz» канали бу лойиҳадан «лоббизм ҳиди анқиб тургани»ни билдирди:
Пойабзал ва теридан маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги навбатдаги қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳар доимгидек яна импорт учун бож, маҳаллий ишлаб чиқарувчига солиқ имтиёзлари, сотиш учун преференциялар.
Буларнинг бари биз — истеъмолчилар бўйнига юк бўлиб тушади, албатта. Шундай қарорларда ишлаб чиқариш ҳажмларини 2-3 баробар ошириш тўғрисидаги рақамлар қаердан олинади, жараёндан хабаримиз борлиги учун очиғини айтамиз, осмондан олинади, бирон таҳлил, ахборот синтези ва эксперт ҳисоб-китобларисиз 2-3 соат ичида чизилади, 25-30 йил давомида 2 баробар ошмаган ишлаб чиқариш қандай қилиб 3 йил ичида 3 баробар ўсади?
Яъни, лоббизм анқиб турган қарорларни имзодан ўтказиш учун ташқи безак ва косметика бу рақамлар.
Таниқли блогер Шаҳноза Соатова эса аёлларни қарор лойиҳасига фаол муносабат билдиришга чақирди:
Ҳурматли аёллар!
Сифатли туфлилар, лодочкалар, босоножкалар – хуллас, яхши пойафзал кийиш ҳуқуқимизга зарба беришмоқчи!
Аёллар импорт пойафзалларига божни ошириш ҳақида Президент қарори лойиҳаси эълон қилинибди. Қуйидаги ҳавола орқали кириб, лойиҳага муносабатингизни фаол равишда билдиринг.
Бож ошса, сифатли пойафзал янада қимматлашади. Қачонгача бир йилга етмай пошнаси узилиб, оғзи очиладиган оёқ кийимларда юрамиз? Қачонгача лоббистлар фойдасига халқ пул тўлайверади?
Ўзимизда сифатли оёқ кийим чиқаришни ўрганишсин аввал, кейин четдан келадиган сифатли товарларнинг йўлини тўсишсин.
Ҳар бир аёл гўзал, сифатли пойафзал кийишга ҳақли. Рақобатсиз енгишга ўрганган маҳаллий лоббистларга эса уят, уят!
Блогер Нозим Сафари эса лоббистлар қонунчиликни жуда ўйинчоқ қилиб юборишганини таъкидлайди:
Кундан кун ғалати ва тутуруқсиз қонун лойиҳаларини киритишмоқда. Энди аёллар оёқ кийимига ҳам давлат божини оширишмоқчи. Ичкаридаги ишлаб чиқарувчиларга солиқ имтиёзлари беришмоқчи. Мана, аёллар нарсасига ҳам етиб келишди. Бу қарор ҳеч кимга (манфаатдор шахслардан ташқари) фойда бермайди. Ўзбекистонга кирадиган аёллар оёқ кийими оқими қора йўлларга ўтиб кетади. Ичкарида нарх кўтарилади. Миллий ишлаб чиқарувчилар ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида деган баландпарвоз гаплар шунчаки қарорни ўтказиш ва асослаш учун энг кулгули, лекин самарадор формулировка бўлиб қолди.
Мендаги романтика сўнмоқда. Қонунчиликни хоҳлаган йўлга солишга уринишяпти. Ҳаммасининг нияти соққа. Ўзбекистонда соққадан бошқа олий мақсад йўқ. Соққа, соққа, соққа. Ватан хақида, халқ ҳақида гапирганини кўрдингизми, демак уни нияти янада кўпроқ соққа. Жуда примитив ва зерикарли ҳаёт.
Билмадим, кириб бу қарорни қўллаб-қувватламаслик ҳақида шарҳлар ёзсангиз, бу бирон нарсага таъсир кўрсатадими-йўқми. Билмайман. Ҳеч нарсага таъсир кўрсатмаслиги мумкин. Барчасига ишончим тобора сўнмоқда. Умид кўрмаяпман. Ёшу қари, каттаю кичик. Соққа, соққа, соққа. Ҳеч қандай юксак келажак ёки олижаноб мақсадлар йўқ. Фақат соққа. Бугун ва ҳозир. Иложи борича пирогдан каттароқ қисм юлиб олиш, тамом. Жунгли қоидалари.
Таниқли эксперт Азиза Умарова 90 фоиз аёллари усти пахмоқ қора шиппак ёки Пекиннинг Ябаолу бозоридан дермантинли оёқ кийим киядиган мамлакатда оёқ кийимлар учун божни уч баробар оширишни таклиф қилиш очиқ аҳмоқгарчилик эканини ёзди:
Бугун бозорда аёллар оёқ кийими учун эътиборга арзийдиган таклиф йўқ. Бўлса — кўрсатинг.
Экспортни ривожлантирмоқчимисиз? Ривожлантиринг. Аммо экспортга мослашув ва маҳаллийлаштириш тушунчаларини алмаштирманг. Бутун мамлакат икки йилдан буён режавий иқтисодиёт ва тармоқли лоббизм аралашмасига ботиб, унинг атрофида айланиб юрибмиз.
Тушунтираман. Сиз эркаклар лофери ёки мокасиналарини хорижга бемалол сотишингиз мумкин, аммо бу — сиз Ўзбекистонда аёллар учун керак бўлган нарсани ишлаб чиқара олишингизни англатмайди.
Биз — ўзбек аёлларининг шундоқ ҳам омади чопмаган. Улар доим ниманидир қурбон қилиб яшашади. Энг ёмон кийинганлар ҳам, энг ёмон пойабзалда юрадиганлар ҳам улар. Чекка қишлоқлар ҳақида эса гапириб ҳам ўтирмайман. Бу «камбағалчилик» аҳолига тиқиштирилган божлар сабаб келиб чиққан. Марказий Осиёнинг исталган мамлакатида пойабзал ва кийим-кечак биздан арзон туради!
Бизнинг аёллар (вилоятларда) эса бутун умр шундай хурсандчиликсиз ўтиб кетяпти. Ёзда «чипс»да, қишда эса жун пайпоқ устидан қора шиппак кийиб юришади. Мавсумга мос оёқ кийимнинг ўзи йўқ. Бирор марта ҳам ўзларига элегант қайиқчалар, ботильон, мюллар, стилетто, танкетка ёки балеткани раво кўрмай ўтиб кетаверадилар! Ҳа, ҳа. Бизнинг аёлларнинг на Чимкент дўконларидаги пойабзаллар, на Бишкекнинг улгуржи Дордойидаги оёқ кийимлар, на МДҲлик улгуржичилар Туркияда 30-50 долларга оладиган ўрта нархдаги сифатли чарм туфлиларга қўли етмайди.
Истанбулнинг Лалели савдо туманига бориб, биздаги бозор ва дўконларда сотилаётган ғариб маҳсулотлар билан солиштириб кўринг.
Хулоса: Агар кимдир нечинчидир маротаба ўзига кўпдан кўп имтиёзлар ва божларга эга бўлиб олишни хоҳласа, шуни тушуниб олиш керакки, пойабзалга қўйилган божнинг асосий таъсири оёқ кийимнинг кулранг импорти ошиши бўлади. Мана шунақа.
Аёллар пойабзалини тинч қўйинг, илтимос, ҳеч бўлмаганда оёқ кийим асосини яратишни ва пошнани тўғри ёпиштиришни ўргангунингизча.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter