Шоҳрух Ғиёсов вазир Пўлат Бобожоновдан дакки эшитгани маълум бўлди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлари вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга нисбатан чора кўрилди. Бу ҳақда бугун АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазир ўринбосари Бекмурод Абдуллаев маълум қилди.
Сурхондарё (Сурхондарёда ИИБ ходимлари бир фуқарони ваҳшийларча қийнаб ўлдиргани айтилмоқда) ва Қорақалпоғистонда (Қорақалпоғистонда ҳам ИИБдан одамнинг ўлиги чиққани айтилмоқда) икки фуқаро ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида ўлим топганига оид хабарлар тарқалиши ортидан Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ижтимоий тармоқ орқали гўёки «норасмий баёнот» бериб, марҳумлардан бирига «Худо урган, бетайин шахс», дея «таъриф» берганди. Матбуот котибининг мазкур чиқиши жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлганди.
Вазир ўринбосарига кўра, матбуот котиби номақбул сўзи учун шахсан ИИВ раҳбари П.Бобожоновдан дакки эшитган (кўрилган интизомий чора шу бўлса керак).
Тадбирда иштирок этаётган Ш.Ғиёсовнинг ўзи бу ҳақда «миқ» этгани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, бу Ш.Ғиёсовнинг биринчи марта қовун тушириши эмас. Бир оз аввал у «Xabar.uz»да чиққан «Яна Андижон! ИИБ ходимлари фуқарони кишан тақиб қийноққа солгани айтилмоқда» сарлавҳали хабар ортидан баёнот бериб, ўрганилаётган воқелик натижасини аввалдан башорат қилар экан, уни (хабарни) сайтдан ўчириш кераклигига ишора қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter