Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Германия президенти Тошкентдаги Гёте ҳайкали ва боғи очилишида қатнашди

Германия президенти Тошкентдаги Гёте ҳайкали ва боғи очилишида қатнашди

Фото:«ЎзА»

Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Тошкентдаги Гёте институтида бўлди. Ушбу муассаса олдидаги майдонда бунёд этилган Йоҳанн Вольфганг Гёте ҳайкали ва боғи очилиш маросимида қатнашди. Бу ҳақда «ЎзА» ёзмоқда.

Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистонда Гёте сиймосига эҳтиром мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янги руҳда давом эттиришга, маданий-маърифий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидлади.

Фото:«ЎзА»

Олий мартабали меҳмон Тошкентдаги Гёте институти фаолияти билан танишди.

Бугун Ўзбекистонда Германия академик алмашувлар хизмати, Конрад Адэнауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармаларининг ваколатхоналари, Немис халқ университетлари ассоциациясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича институти каби ГФРнинг кўплаб илмий-маърифий ташкилотлари муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.

Мамлакатимиздаги 1842 мактабда 377 мингдан зиёд ўқувчи немис тилини ўрганмоқда. Шу жумладан, Тошкент, Самарқанд ва Марғилон шаҳарларида Германиянинг тил бўйича дипломини бериш ҳуқуқига эга махсус мактабларда 5 мингга яқин ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Ўқувчиларга 4450 га яқин ўқитувчи таълим беради.

Фото:«ЎзА»
Фото:«ЎзА»

Айни пайтда ўзбекистонлик 700 дан ортиқ талаба, илмий тадқиқотчи Германия олий таълим муассасаларида таълим олаяпти. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳузуридаги академик лицейлар битирувчиларининг 15 нафари Германия маданият ва таълим вазирлари Доимий конференциясининг немис тили дипломига сазовор бўлди.

Тошкентдаги Гёте институтининг асосий мақсади немис тилини ўргатиш, халқаро маданий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Ҳозирги институтнинг тил ўқитиш марказларида 4 мингдан зиёд мамлакатимиз фуқароси немис тилини ўрганмоқда.

Франк-Вальтер Штайнмайер институтда тил ўрганаётган ёшлар, маданият ва санъат намоёндалари, илмий доиралар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан суҳбатлашди.

Федерал Президент икки ҳамюртимиз – Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси таржимони Мукаррам Каримова ва Марғилон шаҳридан немис тили ўқитувчиси Лидия Осинани «Bundesverdienstkreuz» («Германия Федератив Республикасига хизмат кўрсатгани учун») ордени билан мукофотлади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг